Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2018 17:20 Чоп этиш версияси

Вагон ўриндиқлари остида...

Давлат божхона қўмитаси ходимлари мамлакатимизга четдан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган товарларни синчиклаб текширмоқда.

Натижада амалдаги тартиб-қоидага риоя қилмай, ички бозорни сифатсиз маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳаракат қилаётган “ишбилармонлар“ қилмиши фош этилмоқда.

Қўмита ахборот хизматининг маълумотига кўра, “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари “Москва – Андижон” йўналишидаги поезд йўловчиларининг қўл юкини назоратдан ўтказиш чоғида Россиядан кириб келган фуқаро 47 турдаги товар-моддий бойликларни вагон йўловчиларига тарқатиб, уларнинг ўриндиқлари остига яширган ҳолда юртимизга олиб киришга уринганлиги фош этилди.

Умумий вазни 380 килограмм бўлган денгиз маҳсулотлари ва зираворлар, ошхона анжомлари, газ ҳисоблагичлар, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва аксессуарлари, тюнерлар, кимёвий модда ва бошқа хўжалик товарларининг қиймати 102 миллион сўмдан ортиқни ташкил этди.

Мазкур пост ходимлари “Новосибирск – Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиларининг қўл юкини божхона кўригидан ўтказиш вақтида, йўловчилардан бирида умумий қиймати 20 миллион сўмлик 2 минг 530 дона сақич маҳсулоти борлиги маълум бўлди.

“Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона постида бир МЧЖ номига Хитой давлатидан келган контейнерларни божхона кўригидан ўтказилганда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган умумий қиймати 337 миллион сўмдан ортиқ 411 дона сув насоси ва 1 минг 860 дона буклама пичоқлар борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилиши мумкинлигини эслатади.

Даврон Суннатов, ЎзА
5 556