ЎзА Ўзбек

15.05.2019 Чоп этиш версияси

Вагит АЛЕКПЕРОВ: Нефть-газ соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик янада ривожланади

Вагит АЛЕКПЕРОВ: Нефть-газ соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик янада ривожланади

Россиянинг "Лукойл" компанияси президенти Вагит Алекперов давлатимиз раҳбари билан учрашувдан сўнг ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Президент Шавкат Мирзиёев билан узоқ муддатли ҳамкорликка оид жорий лойиҳаларни амалга ошириш ва янгиларини ишлаб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Табиий газни чуқур қайта ишлашга доир янги лойиҳалар, шунингдек, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий лойиҳалар асосида 2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги катта инвестицион циклни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Бу маблағлар Жанубий Хисор ва Қандим гуруҳларидаги конларда қазиб олинадиган газ ҳажмини кўпайтиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон ҳудудида янги инвестицион лойиҳалар ва геология-қидирув ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

“Лукойл”нинг истиқболли янги лойиҳалари кўриб чиқилди. Ўзбекистонда учта инвестицион блокнинг нефтгазташувчанлиги истиқболларини баҳолаш мақсадида геологик-геофизик маълумотлар биргаликда ўрганилмоқда. Айни пайтда бу йўналишда тузилган ишчи гуруҳи томонидан инвестицион блоклар бўйича материаллар таҳлил қилинаётир.

Бухородаги конда олиб борилаётган газни чуқур қайта ишлаш тадбирларида иштирок этаётганимиз бизга мамнуният бахш этади. Бу кенг кўламли ишлар натижасида иқтисодиёт ривожланиши баробарида кўплаб янги иш ўринлари яратилади.

Ўзбекистонда "Лукойл" компанияси лойиҳалари қўллаб-қувватланаётгани нефть-газ соҳасидаги кенг кўламли ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. 

5 959
ЎзА мухбири А.ҒАФФОРОВ ёзиб олди.