Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.06.2018 13:46 Чоп этиш версияси

Вафо камарини маҳкам тутганга... музлатгич берилди

Балиқчи тумани “Ўлмас” маҳалла фуқаролар йиғини Муҳташам кўчаси 36-уйга кириб борган ишчи гуруҳи уй бошлиғи Давронбек Шокировнинг тандирда нон ёпаётгани устидан чиқди. У азза-базза чақирилмаган меҳмонларни кўриб, тараддудланиб, жуда ноқулай аҳволга тушди. Бир қарашда оилада кўз илғамас муаммо борлиги аниқ эди. 

– Нонвоймисиз, деб сўраймиз ундан. 

20180531_164129.jpg
– Йўқ. Келинингиз жижча бемор бўлиб қолувди, шунга рўзғор ишларига сал ёрдам қилиб турибман, – дейди маъюслик билан.

1973 йилда туғилган Давронбек 1994 йили қўшни қиз Назокат Шокирова билан турмуш қуришди. 1996 йилда янги уйга кўчиб чиқишади. Уларнинг муҳаббатга тўлиқ ҳаётларини 3 нафар фарзанд безади. 2010 йили кутилмаганда Назокатнинг отаси Маъруфжон ака, 2011 йили айрилиқ дардини кўтара олмай Ҳидоятхон ая оламдан ўтди. Ҳамма изтироблар шундай кейин бошланади. 

– Жуда ширин ҳаёт кечириб келаётган эдик. Топиш-тутишим ҳам ёмон эмас эди. Қурувчи уста эдим, фермерлар ерларида ишлардим. Рафиқамга бундай жудолик жуда қаттиқ таъсир қилди. Худонинг иродаси кўп куюнма, бир туғилиш бор, бир кун ўлим бор деб кўп тушунтирдим. Қалтироқ тутиб иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Авваллари опичласам, ўзи юра олар эди.
Бир йилдан буёғига тўшакка бутунлай михланиб қолди. Ўтган йили Андижонга даволатишга олиб борганимда шифокорлар ирсий дегенератив касаллик, бош оғриши, бошда ва қулоқда шовқин, хотира сусайиши, бутун танадаги ихтиёрсиз ҳаракатлар, талаффуз ўзгариши, умумий ҳолсизлик, деб ташхис қоғозига ёзиб қўйишди. Яқиндан бошлаб қулоғи ҳам эшитмай қолди. Бу замонда инсон касал бўлмасин экан. Уч ой олдин 5 миллион сўмга даволатдим. Укам 2 миллион берди. Ҳовлидаги 44 та яхши теракларни 1 миллион сўмга сотдим. Қўшнилардан 2 миллион қарз кўтардим. Пиллани пулини кутаяпман. Бир ярим қути ипак қурти боқиб, давлатга 123 килограмм пилла топширдим. 13 минг сўмдан берамиз дейишган. Уларни олсам, қарзимни ёпаман. 

– Рўзғор ишларига ҳеч ким қарашмаяптими, қандай ёрдамлар керак, – деб сўрайди ишчи гуруҳи аъзолари ундан. 

– Уч йил олдин турмушга узатган катта қизим тез-тез келиб ёрдам бериб туради. Иккинчи қизим Мадина 15 ёшга кираяпти. Аммо камқувват, жуда нимжон. Тезда чарчаб қолади. Оғир меҳнатга ҳали вақт бор. Ўғлим Асадбек энди ўн ёшга тўлди. Бемор уч маҳал иссиқ овқат ейди. Плитада овқат қилсак, токнинг ҳисоблагичи дош бермаяпти. Катта газ баллонга эҳтиёжимиз бор. Овқатни сақлашга ҳам қийналаяпмиз. Банкага солиб, уй орқасидан ўтган ариқнинг сувига солиб қўйяпман. Барибир куннинг иссиғида тез айниб қолаяпти. Музлаткич имкони бўлармикан? 

– Албатта, Сиз каби садоқатли эркаклар ёшларга ибрат. Ногиронлик аравачангиз борми, деб сўрайди ишчи гуруҳи аъзоларидан яна бири. 

– Йўқ. Ўзим хотинимни опичлаб, олиб юрибман. Уйдан кўчага чиқолмайди. Аравача бўлса кўчаларда эркин олиб чиқсам бўларди. Бир куни Худойим шифосини берса, кўзларида қувонч порлашини, қўлидан ушлаб Тошкентларга олиб боришни истайман. Ўйимизга ҳали бунчалар кўп галстукли нуфузли меҳмонлар келмаганди. Журналистлар ёзаётган экан. Битта тилагим бор. Йигитларимиз соғлом рафиқаси қадрига етсин. Уларни касал бўлмаслиги учун доимий назоратдан ўтказсин... 

Шу ерда метин иродали эркак кўзида ёш қалқийди. Тақдирнинг мураккаб синовларига учраса-да, оғир молиявий ва руҳий қийинчиликлар унинг асабларини емираётган бўлса-да, ҳаётда оиласи манфаатларини, бемор турмуш ўртоғига сидқидилдан кўмак кўрсатишни ҳар нарсадан устун қўйиб яшамоқда. 

Бу жараёнларни четдан кузатар эканман, нима учун Президент одамларнинг уйига бирма-бир кириб, муаммоларига ечим топинглар, деган даъватини чуқурроқ тушунгандай бўламан. 
Давронбек Шокировга шу куниёқ катта газ баллони етказиб берилди. Эртаси куни Андижон вилоят касаба ташкилотлари бирлашмаси томонидан замонавий Артел музлаткичи тақдим этилди. Ногиронлик аравачасини оилага қисқа муддатга етказиб бериш юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига юклатилган вазифа ҳам икки кун ичида ижро қилинди. 

Лазиз Раҳматов, 
журналист

7 118