ЎзА Ўзбек

25.04.2018 10:36 Чоп этиш версияси

Вақт ихтиёридаги танлов

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Кино саройида "Ўзбеккино" миллий агентлиги ва "PANORAMA FOX" студияси билан ҳамкорликда суратга олинган "Қора зарба" номли бадиий фильм премьераси бўлиб ўтди.

Турли алдовлар домига тушиб, гиёҳвандликка ружу қўяётган ёшларнинг аянчли тақдирига чизги берилган картина сценарий муаллифи – ёш ижодкор Сардор Ҳамроев, постановкачи режиссёри Самиддин Лутфуллаев, постановкачи оператори Рустам Йўлдошев.

– Сўнгги вақтларда ўлдим-куйдим, севдим-ёндим, қайнона-келин мунобатлари кўрсатилаётган фильмлар сони кўпайиб кетди. Томошабин зерикди. Чарчаган кўнгилларни забт этиш учун эса – "Қора зарба" каби ижтимоий аҳамиятга эга, долзарб мавзуда суратга олинган фильмларга зарурат туғилмоқда, – дейди томошабинлардан бири Шаҳринисо Фарҳодова. – Бунда, асосан, ёш ижодкорлар ижросидан фойдаланилгани менга маъқул бўлди. Чироқ, грим, операторлик ишлари анчайин юқори баҳога лойиқ. Тўғри, фильм камчиликлардан холи эмас. Муҳими, кино сўнгида томошабин, айниқса, ёшлар ўзгача хулосага эга бўлади.

Драма жанрида суратга олинган фильм 91 дақиқа давом этади. Фильм ижодий жамоаси кўзлаган мақсадига эриша олдими-йўқми, буни, албатта, вақт кўрсатади.

Инобат Аҳатова, ЎзА
2 845