Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.07.2018 16:51 Чоп этиш версияси

Вақф маблағлари нималарга сарфланади?

Вақф маблағлари нималарга сарфланади?
Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси “Вақф: хайрия маблағлари бошқарувига шаффоф ёндашув” мавзусида бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, диний уламолар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Мазкур фонд 10 май куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Сессияда таъкидлаганидек, “Вақф” хайрия жамоат фондининг маблағлари 3 қисмга бўлинади. Яъни, Хайрия, Вақф, Закот (ушр, фитр ва фидя) бўлимлари. Ҳозирги кунда 3 та бўлимнинг ҳам алоҳида-алоҳида ҳисоб рақами мавжуд. Дейлик, бир киши закот учун фондга маблағ ўтказса, ўтказилган маблағ закот бўлимига тушади. Шу билан биргаликда шариатда айтилган ўринларга сарф қилинади. Умумий қилиб айтганда, фонд фақатгина вақф мулкидан иборат эмас. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.

Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби қатор ишлар учун сарфланади.

Фондга хайрия маблағларни одамлар қийинчиликсиз ўтказишлари учун электрон тўлов тизимлари жорий этилган. Жумладан, Click, PayMe тизимларига уланган. Бу дегани сиз пластик карта орқали истасангиз закот, вақф ёки хайрия маблағларини фондга ўтказишингиз мумкин. Ундан ташқари, Ўзбекистондаги барча инфокиоскалар орқали фондга хайрия қилиш имконияти яратилди. Улардан фонднинг исталган бўлимига нақд ёки пластик карта орқали пул ўтказиш мумкин.

“Вақф” хайрия жамоат фонди июнь ойида жами бўлиб 231 миллиондан ортиқ сўм закот ва хайрия маблағларини шариатда кўрсатилган ўринларга етказди. Маблағлар муҳтож, бемор, уйсиз, қаровчиси йўқ ёши улуғларга, кўзи ожизлар ва ногиронлар жамиятларига нақд пул ёки пластик карта орқали берилди.

И.Аҳатова, ЎзА
4 491