ЎзА Ўзбек

24.08.2018 17:04 Чоп этиш версияси

Узунда учта янги иншоот фойдаланишга топширилди

Узунда учта янги иншоот фойдаланишга топширилди
Сурхондарё вилояти Узун туманида мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашининг биноси, “Узун Равнақ Файз” савдо мажмуаси ва туман деҳқон (озиқ-овқат) бозори фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юрт ободлиги, аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилиб, истиқлолнинг буюк қудратини кенг намоён этаётгани таъкидланди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Узун тумани кенгашининг янги биносида тумандаги 45 фуқаролар йиғини фаолиятини мувофиқлаштириш учун барча имконият мавжуд. 700 миллион сўм маблағ сарфланган иншоотда кенг, шинам хоналар замонавий усулда жиҳозланиб, ишни самарали ташкил этиш учун зарур қулайлик яратилган.

3.jpg

– Чекка ва олис туманимизда 165 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари С.Гулбоева. – Янги бинода мавжуд фуқаролар йиғинлари томонидан амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириб туриш учун етарли шароит бор. Ходимлар учун ажратилган алоҳида хоналар алоқа воситалари, мебель, компьютер ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди. Бу қулайликлар жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Бизга шундай шароитларни яратиб бераётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.

Туманда барпо этилган “Узун Равнақ Файз” савдо мажмуаси кийим-кечак ва бошқа буюмлар савдо хизматини кўрсатишга ихтисослашган. Бу ерда сотувчи ва харидорлар учун замонавий қулайликлар яратилиб, 138 савдо шохобчаси бунёд этилди. Турли сифатли ва арзон буюмлар савдоси йўлга қўйилиб, 450 янги иш ўрни яратилди.

4.jpg

– Вилоятнинг бошқа ҳудудлари қаторида қўшни давлат билан чегарадош бизнинг туманимизда ҳам шундай кўркам ва йирик савдо мажмуаси бўлишини орзу қилардик, – дейди узунлик харидор З.Рўзиева. – Чунки, сифатли, арзон кийим-кечак ва бошқа буюмлар учун қўшни туманларга бориб келишимизга тўғри келар эди. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида орзуимиз руёбга чиқиб, муҳташам савдо мажмуаси фойдаланишга топширилгани биз учун унутилмас совға бўлди. Бу ерда сотилаётган буюмларнинг аксарияти мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва нархи ҳам анча арзон. Эндиликда замонавий мажмуадан савдо қилиб, вақтимизни ҳам, маблағимизни ҳам тежаш имконияти яратилганидан хурсандмиз.

Туман деҳқон (озиқ-овқат) бозорида гўшт, сут, тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишга мўлжалланган, хўжалик моллари сотиладиган кенг, ёруғ ва шинам махсус павильонлар қурилиб, 596 савдо растаси барпо этилди. Янги бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омбори, автомобиллар тўхташ жойи қурилиб, тоза ичимлик суви билан таъминланди. Йирик ҳажмдаги бу ишларни бажариш учун 7,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб, 750 иш ўрни ташкил этилди.

Вилоятда янгидан барпо этилган, тубдан реконструкция қилинган иқтисодий-ижтимоий ва бошқа соҳа обьектларини фойдаланишга топшириш давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
3 610