ЎзА Ўзбек

01.05.2018 18:08 Чоп этиш версияси

Узумчилик истиқболларига бағишланди

Миллий матбуот марказида "Ўзшаробсаноат" акциядорлик жамияти томонидан «Иқлим ва тупроқ шароитини ҳисобга олган ҳолда токзорлар учун мос ерлар ажратиш, узумчиликка замонавий технологияларни жорий этиш, яроқсиз узум майдонларини реконструкция қилиш ва қатор ораларида полиз, сабзовот маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар” мавзусида брифинг ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 февралдаги “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида виночилик соҳасини янада ривожлантиришда техник узум майдонларини кўпайтириш, жаҳон бозорида катта талабга эга бўлган, генетик жиҳатдан янги, машҳур ва истиқболли узум навлари етиштириш белгиланган.

Шу боис, узум навларини яратишда Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти олимлари ҳамкорликда микронлашган усулда, узумнинг “in vitro” генофонди коллекцияларини яратиш ва кўпайтириш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.

Жамият таркибидаги қайта ишлаш корхоналари тасарруфида бугунги кунда 4 минг 273 гектар техник навли узумзорлар мавжуд бўлиб, корхоналар томонидан 2018-2021 йиллар давомида Жиззах вилоятидаги Бахмал, Янгиобод, Зомин туманларида 9 минг 750 гектар майдонга қўшимча узумзор ташкил этиш режалаштирилган.

Берилган маълумотларга кўра, жорий йилда 1 минг 255 гектар, 2019 йилда 1 минг 345 гектар, 2020 йилда 2 минг 700 гектар, 2021 йилда 4 минг 450 гектар майдонда янги техник навли узумлар экилади ва маҳсулотлари хорижга экспорт қилинади.

Корхоналар томонидан янги токзорлар барпо этилиши натижасида 10 минг янги иш ўрни яратилиб, ушбу ҳудудлардаги маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланиши кутилмоқда.

Ёш ток қатор ораларидан самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда 1 минг 410 гектар, шундан 316 гектари сабзавот, 306 гектар майдонга полиз, 100 гектар ерга картошка ва 688 гектар жойга дуккакли экинлар экилмоқда. Бу ток қатор ораларидан самарали фойдаланиб, ички ва ташқи бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда соҳага оид янгиликлар, қонун ҳужжатлари, қарорлар хусусида ҳам тўлиқ маълумотлар берилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
9 941