Ғузорда дунёда саноқли бўлган завод қурилмоқда
Маҳаллий ва хорижлик журналистлар ушбу лойиҳа асосида бажарилаётган ишлар, қурилаётган завод фаолияти билан танишди.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида “Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси газ-кимё саноати йўналишида дунёнинг илғор технологик ечимларини ўзида ифода этгани билан катта эътиборга лойиқ.
Маҳаллий ва хорижлик журналистлар ушбу лойиҳа асосида бажарилаётган ишлар, қурилаётган завод фаолияти билан танишди.
Дастлаб “Uzbekistan GTL”даги қурилиш ишлари ҳақида маълумот берилди. Унда “Uzbekistan GTL” компанияси бош директори Фахриддин Абдурасулов бу ердаги жараёнлар ҳақида тақдимот қилиб берди.
– Жуда йирик лойиҳа асосида бунёд этилаётган объект дунёда бешинчи завод бўлади. Унинг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Завод ишга туширилгач 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, жаҳон стандартларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотлар транспорт соҳаси учун тоза экологик келажакни таъминлайди ҳамда иқтисодиётнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшади. Ҳозир 135 гектардан ортиқ майдонда қурилиш ишлари қизғин кетмоқда. Завод “Сасол” (ЖАР), “Халдор Топсе” (Дания) ва “Шеврон” (АҚШ) компаниялари технологияси асосида барпо этилаётир. Корея Республикасининг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ва “Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd”, Сингапурнинг “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниялари қурилиш ишлари бош пудратчиси ҳисобланади, – деди Ф.Абдурасулов.
Лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” компанияси таъсислигида амалга оширилиши мамлакатимизнинг ёқилғи энергетика хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соҳанинг жадал суръатларда тараққий этиб боришидан далолатдир.
– Аввало юртингиздаги ўзгаришларни алоҳида эътироф этмоқчиман, – деди “Energy Intelligence” нашри мухбири Гэри Пич. – Бу ерда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Пресс-тур доирасида танишган ушбу завод қурилиши ҳам катта таассурот қолдирди. Кўпгина компаниялар билан шартномалар асосида шундай улкан иншоотни қисқа муддатда барпо этишга бўлган ҳаракатлар чиндан эътиборга молик.