ЎзА Ўзбек

30.07.2018 13:03 Чоп этиш версияси

Ғузор тумани масъул раҳбарлари ёшлар сиёсатидан бехабар кўринади.

Ғузор тумани масъул раҳбарлари ёшлар сиёсатидан бехабар кўринади.

Президентимиз бошчилигида бўлиб ўтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселекторда ҳар бир ёшнинг жамиятда муносиб ўрнини топиши учун барча масъуллиги айтиб ўтилган эди.

“Фарзандларимиз тарбияси, юриш-туришидан ҳар куни огоҳ бўлмасак, илм-у ҳунарга ўргатмасак, уларнинг қўли меҳнатда қотмаса, муносиб иш топиб бермасак, ёшларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш қийин бўлади” Шавкат Мирзиёев. 

Афсуски, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани масъул раҳбарлари ушбу видеоселектордан бехабар кўринади. Йўқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур шароит яратиш каби масалалар Президентимиз ташаббуси билан бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналиши этиб белгиланган бир вақтда ҳудудда яшовчи Ботир Ҳатамов сингари ота-онасиз, болалар уйида тарбияланган, моддий ёрдамга муҳтож ёшлар бугун қаровсиз ва ишсиз, кимга мурожаат этишни билмай юрмаган бўлар эди.

Ботир Ҳатамов 1999 йили Ғузор туманида туғилган. Тақдирнинг аччиқ синовларига дуч келган бола ота-онасидан айрилиб, болалиги Қамаши туманидаги 4-сонли “Меҳрибонлик уйи”да ўтди. У Ғузор Нефьт-газ саноати касб-ҳунар коллежида таҳсил олиб, ётоқхонасида яшаб юрган. Ўқишни тамомлагач, нима иш қилиш, қаерда яшаш каби муаммолар безовта қила бошлади.

У ўзини қийнаётган масалалар юзасидан туман ҳокими номига ариза билан мурожаат этди. Аммо унинг аризасига жавоб хати келмади. Умидини узмаган йигит ҳоким қабулига киришга қарор қилди. Ҳокимга ўқишни тамомлагани, ишсиз ва яшашга уйи йўқлигини тушунтирди. Чиройли ваъдалар билан чиққан Ботир вақт ўтиб, муаммолари барҳам топмаётганидан безовталанди. Кейинчалик у туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Алишер Бўриевга мурожаат қилади. Унга ҳам ўз дардини тушунтиради.

У ердан ҳафсаласи пир бўлиб чиққач, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Фарид Бозоровга мурожаат қилади. Мутахассисга айни дамда ишсизлиги, уйсизлигини, моддий кўмакка эҳтиёжманд эканлигини айтади. Туман кенгаши раисининг ҳам “ўйлаб кўрамиз”, деган жавоби туфайли у ҳанузгача кутмоқда. Туманнинг масъул раҳбарлари ўйлаб кўргунларича, ишсиз, пулсиз, кўчада дуч келган мардикорлик ишларини қилиб, бугун нима ейман-у, эртамни муаммосини қандай ҳал этаман, деган ўй Ботирни қийнаб юборди.

– Борадиган жойим йўқ, кекса бобом билан “Меҳрибонлик уйи”дан қайтганимдан буён учрашолмадим, – дейди Б.Ҳатамов. – Аниқ биламан, у ерда мени ҳеч ким қучоқ очиб кутиб олмайди. Чунки 3 хонали уйда фақат бобомнинг ўзи эмас, тоғам ва унинг оиласи, жами тўққиз жон истиқомат қилади. Шароити йўқдирки, мендан бир бора ҳам хабар олмади. Ҳозир тўғри келган мардикорлик юмушларини бажариб юрибман. Гоҳида саломатлигим кўтармайдиган оғир юмушларни бажаришга ҳам тўғри келади. Шундай пайтларда ўз-ўзимдан, тақдиримдан ўксиб кетаман.

Ботирнинг кирмаган эшиги, ёрдам сўрамаган ташкилоти қолмади. У туман ҳокимининг қабулига кирганидан кейин бу боланинг тақдири нега ҳокимни қизиқтирмади?! Ахир Президентимиз “Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан шахсан учрашиб, худди ўзининг фарзанди билан гаплашгандек муомала қилиб, муаммоларини ўрганиб, уларга елкадош бўлиши ва энг аввало иш билан таъминлаш чораларини кўриши лозим”, дея жон койитмоқда-ку.

Нега ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари А.Бўриев мурожаат қилган бу ёрдамга муҳтож болани ҳозирда ёшларга яратилаётган имкониятлар билан таништириб, имтиёзли кредитлар ва бизнес лойиҳалар тўғрисида тушунча бермади?! Ўзбекистон ёшлар иттифоқини тузишдан асосий мақсад ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини оширишдан иборат эмасми?!

Ёшлар бандлигини таъминлашда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган туман паспорти ишлаб чиқилган. Ушбу рўйхат бўйича энг аввало Ботир ва унга ўхшаш уюшмаган ёшларнинг аҳволи билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши вакиллари уларнинг мурожаатидан олдин ўрганиши лозим эмасми?!

Б.Ҳатамов бугунги кунда яшашга уйи йўқлиги сабабли Ғузор Нефьт-газ саноати коллежи ётоқхонасида рўйхатда турибди. Ушбу ётоқхона “Чаноқ” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. Афсус, Ботирнинг маҳаллага моддий кўмак сўраб қилган мурожаати ҳам ҳавога учгандек, ўринсиз қолдирилган.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ботирнинг тақдиридан бехабар ҳам бўлса керак, йўқса, албатта, ушбу муаммони бартараф этган бўлармиди?! Аммо, унинг бу воқеадан бехабарлиги эртага Ботир каби қаровсиз қолган ёшлар орасида содир бўладиган ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлмайди, деб ким кафолат беради?!

Ушбу касб-ҳунар коллежида Ботирнинг гуруҳ раҳбари О.Калонов Ботир каби болаларнинг тақдирига бефарқ қараган. Ахир “бир болага етти маҳалла ота-она” дейишган.
Биз ҳозир бир бола мисолида кўрсатган муаммоларимиз жойларда кўпчиликни ташкил этмайди, деб ким айта олади?!

Саволларимиз кўп! Жавобни қайси мутасадди ташкилот беради, бизга номаълум!

Биз фақат истардикки, халқимизнинг мушкули осон бўлсин. Ботир сингари сарсонгарчиликда умр кечираётган, эртасига умид билан кўз тикиб турган ёшларимиз қаровсиз қолиб, азобланишмасин!

М.Тошқораева, ЎзА
4 948