Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.09.2018 12:42 Чоп этиш версияси

Узоқ умр кўришнинг сири нимада?

Узоқ умр кўришнинг сири нимада?

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшаётган Розумова Аваз момо 109 ёшни қаршиламоқда. Табаррук ёшли онахоннинг хонадони дуо олиш истагида келганлар билан доимо гавжум.

Тўрткўл тумани ҳокимлиги томонидан момога маиший буюмлар ва соғин сигир совға қилинди.

Эскича вақт ўлчами бўйича 1909 йилда буғдой пишган даврда туғилган Аваз момонинг болалиги ва ёшлиги ўта қийин даврларда ўтган. Болалиги Биринчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган момо Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам қора кунларни бошдан ўтказади. Урушга кетган турмуш ўртоғидан кўп ўтмай қора хат келади ва қизи билан қолади.

Қизи Розумова Гулнора 1941 йилда туғилган. Ҳозирги кунда ҳаёт.

Аваз момо қизи Гулнора, 3 невара, 12 эвара ва 25 чевараси ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

У уруш йилларида тумандаги “Пахта арна“ каналини қазишда иштирок этган. У пайтлар каналлар қўл билан қазилган. Тумандаги “Шўрохон“ ва “Уллибоғ“ колхозларида ишчи бўлиб ишлаган.

Момо узоқ умр кўришнинг асосий омили ҳалол меҳнат деб билади ва доимо фарзандларига, кейинги авлодга шуни уқтириб келмоқда.

– Бувимиз ёшлигида ўта оғир шароитда яшаган. Бувамиз урушга кетиб вафот этган. Фронт ортида меҳнат қилган бувимиз жуда кўп қийналган, – дейди момонинг невараси Илҳом Романов. – Момомиз ҳар доим бугунги ҳаётига шукрона келтириб, шундай даврнинг қадрига етишни таъкидлайди. Ҳозирги пайтда у ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Тўрткўл тумани узоқ умр кўрувчилар яшайдиган ҳудуд сифатида аҳамиятлидир. Тўрткўл тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Хадича Ибадуллаеванинг таъкидлашича, туманда айни пайтда 100 дан ошган 4 нафар момо истиқомат қилади. Бундан 3 йил аввал 135 ёшида вафот этган, 3 асрни кўрган сайёранинг энг кекса вакили Тўти момо Юсупова ҳам Тўрткўл туманидан эди.

Аваз момо Розумованинг узоқ йиллик меҳнатлари эътиборга олиниб, мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ, “Шуҳрат“ медали билан мукофотланди.

Е.Қаноатов, ЎзА