ЎзА Ўзбек

12.07.2018 17:43 Чоп этиш версияси

Ҳужжатлар кундузги, махсус сиртқи ва сиртқи бўлимларга қабул қилинмоқда

Абитуриент – 2018

Термиз давлат университетида 2018/2019 ўқув йили учун 33 бакалавриат йўналишига кундузги, 7 йўналиш бўйича махсус сиртқи ва 7 йўналишга сиртқи таълим шаклида абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Янги ўқув йили учун тест синовларида энг юқори балл тўплаган 2 минг 952 нафар ўғил-қиз талабаликка қабул қилинади. Уларнинг 515 нафари давлат гранти асосида таълим олиш бахтига муяссар бўлади.

Олтита бинода ташкил этилган қабулни сифатли ўтказиш учун 200 дан ортиқ малакали ва қабул жараёнида илгари ҳам иштирок этган профессор-ўқитувчилар, ўқув ёрдамчи ходимлар жалб этилган. Абитуриентлар ва ота-оналарнинг қабул жараёни ҳақида етарли маълумотга эга бўлиши, дам олиши, овқатланиши учун зарур шароит яратилган. Имтиёзга эга абитуриентларни ўрнатилган тартибда рўйхатга олиш йўлга қўйилган. Абитуриент ва ота-оналар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиши учун вилоят телевидениеси, университетнинг “Термиз университети” газетаси, университет веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қабул жараёнига оид маълумотлар узлуксиз янгилаб борилмоқда. Улар ахборот-маслаҳат марказида ҳам барча саволларга аниқ жавоб олиши мумкин. Шунингдек, қабул жараёни ва тест синовларига оид маълумотлар университет ҳудудида ўрнатилган панноларда ҳам ўз аксини топган.

– Вилоятда мутахассисларга бўлган эҳтиёж ўрганилиб, 2018/2019 ўқув йилидан олий таълим муассасамизда қатор янги бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда, – дейди университет ректори А.Тошқулов. – Педагогика ва психология, мактабгача таълим, бошланғич таълим мутахассислиги бўйича магистр кадрлар тайёрланиши нафақат университет, балки вилоятда ташкил этилган бошқа олий таълим муассасаларида ушбу йўналишларда кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлашга хизмат қилади. Жорий ўқув йилидан бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш ҳамда математика таълим йўналишларида рус гуруҳларда бакалавр тайёрлаш ана шу соҳаларни олий маълумотли мутахассислар билан тўлдиришда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумотларга кўра, ҳозиргача вилоятдаги энг йирик олий таълим муассасасига 20 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширган. Уларнинг 114 нафари ҳарбий имтиёзга эга бўлган йигитлардир.

Айни пайтда тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, жисмоний маданият, тожик тили, архитектура ҳамда мусиқа таълими йўналишлари бўйича ижодий имтиҳонларни белгиланган низом талаблари асосида ўтказиш юзасидан тегишли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Абитуриентлардан кундузги бўлимга ҳужжат қабул қилиш 15 июлда якунланади. Сиртқи бўлимлар учун қабул 31 июлгача давом этади. Шунга мувофиқ яқинда ташкил этилган сиртқи таълим йўналишлари бўйича ҳужжат топшириш қизғин паллага кирди. Улар ҳам тест синовлари орқали талабаликка қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида таълим олади.

– Олий маълумотли педагог бўлишни орзу қилардим, – дейди Шўрчи туманидаги 20-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Сайёра Бозорова. – Ҳозир коллежни тамомлаб, ўн йилдан буён кутубхоначи бўлиб ишламоқдаман. Олий таълим олиш учун кундузги бўлимда ўқишга шароитим тўғри келмаётган эди. Бу йил сиртқи бўлим ташкил этилиб, орзуимизни руёбга чиқариш учун катта имконият яратилди. Бу янгиликни эшитишим биланоқ тегишли ҳужжатларни тўплаб, ўзим қизиққан тарих йўналишига топширдим.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда ташкил этилган Термиз давлат университетининг Денов филиалида ҳам янги ўқув йили учун 9 та йўналиш бўйича кундузги ва 2 та йўналиш бўйича махсус сиртқи таълим шаклига 590 талаба қабул қилинади. Шу кунгача мазкур филиалга 6 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширди.

Вилоятдаги йирик олий таълим муассасаларида 1-15 август кунлари бўлиб ўтадиган тест синовларига ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
9 981