Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 19:11 Чоп этиш версияси

Ҳужжатда кам, контейнерда кўп

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Аммо шунга қарамай, ички бозорга олиб кирилаётган товар-моддий бойликларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш чоғида божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида амалдаги тартибларга хилоф ҳаракатлар кузатилмоқда.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, “Олот” чегара божхона комплекси ходимлари томонидан хорижий фуқаро С.Мехмет бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда кўрикдан ўтказилди ва божхона қоидабузарлиги фош бўлди.

Йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра, Тошкент шаҳридаги “Perfect Leather Manufacture” масъулияти чекланган жамияти номига келтирилаётган юклар аслида қиймати 27 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи 21 тоннадан ортиқ товарлар бўлиши лозим эди. Аммо божхона кўриги натижасида контейнердаги товарлар билан йўл-юк кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўртасида тафовут мавжудлиги аниқланди. Содда қилиб айтганда, мазкур товарлар ҳужжатлардагидан ортиқча миқдорда эканлиги маълум бўлди.

Ҳисоб-китобларга кўра, йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган аёллар косметик маҳсулотларининг умумий қиймати 140 миллион сўмдан ортиқ маблағни ташкил қилди. Улардан давлат бюджетига божхона тўловлари тўланиши керак эди.

Ҳозир ушбу товарлар вақтинча сақловга олиб қуйилди ва мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ҳамда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона кўриги давомида 73 ҳолатда йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 5 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар олиб кирилаётгани аниқланган.

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларация қилмаслик ёки нотўғри декларациялаш, яъни товарлар, уларнинг божхона режими ва бошқалар ҳақида божхона мақсадлари учун зарур бўлган белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги маълумотларни тақдим қилмаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилади.

Даврон Суннатов, ЎзА
1 324






Все о погоде - Pogoda.uz