ЎзА Ўзбек

02.07.2018 21:19 Чоп этиш версияси

Ҳужжат қабул қилиш давом этмоқда

Ҳужжат қабул қилиш давом этмоқда
Мамлакатимиз олий ўқув юртларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни бошланиб, тест синовларини ҳар томонлама пухта ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Андижон давлат университетида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

– Айни кунга қадар университетда мавжуд 30 таълим йўналиши бўйича 6 минг нафардан зиёд абитурентдан белгиланган тартибда ариза ва ҳужжатлар қабул қилинди, – дейди Андижон давлат университети қабул комиссияси масъул котиби А.Маматюсупов. – Ҳужжатлар университетнинг асосий биноси ва хорижий тиллар факультети биносида қабул қилинмоқда. Жорий йилда биринчи марта абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилингач, маълумот онлайн тарзда веб-сайтга жойлаштирилмоқда.

5.JPG

Университетнинг кириш қисми ва бошқа белгиланган жойларда қайси таълим йўналиши бўйича қаерда ҳужжат қабул қилинаётгани ҳақида маълумотлар кўрсатилган махсус стендлар ўрнатилган. Қабул ишлари тезкор ва самарали бўлиши учун зарур жиҳозлар, компьютер воситалари ажратилган. Ҳар бир бинода бир вақтнинг ўзида 100 нафар абитуриент билан суҳбатлашиш ва ҳужжат қабул қилиш имкони яратилган.

Қабул комиссиясига муайян малака ва тажрибага эга мутахассислар жалб этилган. Ҳужжат топширишдан олдин абитуриентларга ҳужжатни назоратдан ўтказувчи, мавжуд камчиликларни бартараф этишга кўмаклашувчи, зарур тавсия ва маслаҳатлар берувчи ахборот-маслаҳат маркази хизмати йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ҳавонинг иссиқлиги ҳисобга олиниб, ҳужжат қабул қилинаётган бинода салқин ичимликлар савдоси, тиббиёт ходимлари навбатчилиги, ота-оналар учун кутиш майдончалари, дам олиш хоналари ташкил этилди.

– Мусиқий таълим йўналишига ҳужжат топширдим, – дейди абитуриент С.Сойибжонов. – Ҳужжат топширишда ҳеч қандай қийинчилик бўлмади. Яратилган шароитлардан, айниқса, мен билан келган онам жуда хурсанд бўлди.

7.JPG

Жорий йилда Андижон давлат университетининг бакалавр йўналишига ҳужжат топширган абитуриентларнинг 1870 нафари талабаликка қабул қилинади.

Тест синовлари жараёнининг очиқ ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида танланган биноларга шахсни идентификациялаш воситалари, видеосификация қурилмалари, видео камера ва ота-оналарнинг кутиш жойларига мониторлар ўрнатиш белгиланди. Умуман, тест синовларини очиқ ва ошкора ўтказиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ф.Убайдуллаев, ЎзА

З.Умурзоқов олган суратлар
10 249