ЎзА Ўзбек

20.08.2018 15:12 Чоп этиш версияси

Uzbekistan Airways: Хавфсиз, барқарор ва ишончли

Uzbekistan Airways: Хавфсиз, барқарор ва ишончли Миллий авиаташувчи – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси халқаро авиаташувлар бозорида муносиб ўрин эгаллаб, мамлакатимиз мустақиллигининг фахри ва рамзига айланди.

Йиллар мобайнида Uzbekistan Airways бренди бутун дунёда барқарор, хавфсиз ва ишончли авиаташувчи сифатида танилган ва эътироф этилган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг замонавий ва қулай авиалайнерлари Европа ва Осиёнинг 40 дан ортиқ шаҳарларига парвоз қилмоқда ҳамда Аляскадан тортиб Янги Зеландиягача чартер қатновларини бажармоқда.

Ўтган йиллар давомида Миллий авиакомпания авиапарки "Аirbus", "Boeing" замонавий самолётлари, жумладан, "Boeing 787 Dreamliner" ҳаво кемалари ҳисобига янгиланди. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиаташувчиси ривожланиш стратегияси ҳамда авиапаркни модернизация қилиш дастурига мувофиқ ўз паркини янги замонавий авиалайнерлар билан тўлдиришда давом этмоқда.

2019-2020 йиллар мобайнида иккита "Airbus А320 Neo" ва учта "Boeing 787 Dreamliner" самолёти олиниши кутилмоқда. Мазкур Дримлайнерлар келтирилиши билан Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси МДҲ давлатларида ушбу русумдаги самолётларнинг етакчи эксплуатанти бўлади. Янги МАК лайнерлари қулай кенг ўриндиқлар, алоҳида ҳар бир йўловчи учун мўлжалланган индивидуал кўнгилочар дастурли мониторлар, алоқа ва Wi-Fi тизимлари билан жиҳозланган бўлади. Самолётлар дизайнига янгича ёндашув парвоз вақтида йўловчиларга максимал қулайликни таъминлайди.

Миллий авиаташувчи ўз самолётларининг учишга яроқлилигини мустақил равишда таъминлаш имконига эга. «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонасида турли модификациядаги, жумладан, "Boeing 787 Dreamliner" самолётларини бўяшдан тортиб капитал таъмирлашгача бўлган мураккаб таъмирлаш ишлари бажарилади. Бу ерда, нафақат авиакомпаниянинг авиапарки, балки хорижий компаниялар самолётларига ҳам техник хизмат кўрсатилади.

Кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилмоқда. Бугунги кунда ўз учув таркиби, ҳамда хорижий авиакомпаниялар учувчиларининг назарий ва амалий тайёргарлигини таъминлашга қодир профессионал ўқитувчилар таркиби ҳамда замонавий авиация тренажёрларига эга Ўқув-машқ марказида учувчиларни Ўзбекистонда тайёрлаш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бу йил мазкур марказга дастлабки тингловчилар қабул қилинади.

Республика аэропортларининг ер усти инфратузилмаси модернизация қилинди. Янги замонавий йўловчи терминаллари қурилди, хизмат кўрсатиш технологияси яхшиланди ва учиш-қўниш йўлаклари реконструкция қилинди. Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш (ҲҲБ) замонавий марказлари эксплуатацияга топширилди. Ўзбекистон ҳаво кенглигидан фойдаланувчилар сони ва парвозлар хавфсизлигини янада ошириш имконини берувчи янги аэронавигацион тизимлар жорий этилди. Республиканинг барча аэропортларида божхона чегараларидан ўтиш жойларида йўловчилар логистикасини яхшилаш ва божхона расмиятчилигини соддалаштириш имконини берган «қизил» ва «яшил» йўлакли тизим ишга туширилди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти Ўзбекистон Республикасининг ўта муҳим ва тоифаланган объектлари хавфсизлигини таъминлашни ташкил этилишини назорат қилиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан хавфсизлик талабларига риоя қилган “Энг илғор ўта муҳим объект” сифатида эътироф этилди. Пойтахт аэропортида халқаро йўналишларда учиб келувчи йўловчилар учун янги учиб келиш терминали ишга туширилди. Соатига 1200 нафар йўловчигача хизмат кўрсатиш имконига эга янги бинонинг ишга туширилиши билан халқаро йўналишларда учиб келаётган йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада ошди ва мамлакатга киришдаги зарурий текширув жараёнидан ўтиш вақти қисқарди. Нукус халқаро аэропортида соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга янги йўловчи терминали эксплуатацияга топширилди. Мазкур янги терминал йўловчилар ва уларнинг юкларига халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатиш имконини берадиган энг замонавий техника билан жиҳозланган.

Туризмни ривожлантириш борасида ҳам жадал ишлар олиб борилмоқда. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси Буюк Британия Мустақил сайёҳлик операторлари ассоциацияси (АИТО) аъзоси бўлиб, Марказий, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва Америка авиаташувчилари билан Код-Шер ҳамда Интерлайн келишувлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. МАК хизматларини сотиш тармоғини кенгайтириш ва чет эллик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш бўйича хорижий ҳамда маҳаллий туроператорлар билан узвий иш олиб борилмоқда.

Душанбе шаҳрига ҳамда Самарқанддан Истанбулга янги йўналишлар очилди, Лаҳорга парвозлар тикланди. МАК авиалайнерларида Иссиқкўл, Мальдив ороллари, Шарм-эл-Шейх ҳамда Бодрумга чартер қатновлари, европалик сайёҳларни жалб этиш мақсадида Милан ва Париждан Урганчга тўғридан-тўғри қатновлар бажарилмоқда. 2018 йилнинг октябрь ойидан авиакомпания янги Мумбай йўналишида парвозларни, шунингдек, Жидда шаҳрига мунтазам қатновларни амалга ошира бошлайди.

Миллий авиакомпаниянинг хориждаги ваколатхоналари чет эллик ҳамкорлар, айниқса, сайёҳлик компания ва фирмалари билан фаол иш олиб бормоқда. Малайзия, Сингапур, Индонезия, Япония ва бошқа мамлакатлардан келувчи сайёҳлар учун зиёрат туризми йўналиши бўйича хорижлик туроператорлар билан биргаликда қисқа муддатли турлар ишлаб чиқилмоқда. Республикадаги муқаддас жойларга қисқа муддатли саёҳатлар билан бир қаторда транзит саёҳатчилар учун юртимизда қисқа муддатли тўхташ билан "Ўзбекистон +" тур пакетлари ишлаб чиқилмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси вертолётларида юртимизнинг гўзал гўшаларига вертолётда сайр қилиш хизмати жорий этилди. Мазкур хизмат сайёҳлик агентликлари, туроператорлар ва барча хоҳловчиларга таклиф этилади. Ўз касбининг устаси бўлган вертолёт учувчилари нафақат сизнинг хавфсизлигингизни таъминлайди, балки сизни манзилга тез ва қулай элтиб қўйишади.

Авиакомпания республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. МАК қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун махсус имтиёзли тарифларни тақдим этади. Экспортчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида авиакомпания шартномаларни тузиш, экспортга мўлжалланган юкларни қабул қилиш ва бронлаш учун соддалаштирилган тартиб-қоидаларни жорий этди.

Парвозлар бажарилиши мунтазамлигини таъминлаш ва хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш учун сезиларли ишлар амалга оширилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси чет эл аэропортлари томонидан бир неча бор энг масъулиятли авиакомпания, деб эътироф этилди. “Домодедово”, “Сочи”, “Краснодар”, “Қозон” ва бошқа аэропортларнинг мунтазам йўловчи қатновларини ўз вақтида бажарганлик учун тақдим этган дипломлари бунинг яққол далилидир.

Йўловчилар учун озиқ-овқат таркиби ва уни тақдим этиш технологияси бутунлай қайта кўриб чиқилди, кўнгилочар медиа-контентнинг янгиланиш тезлиги оширилди, бизнес-класс йўловчилари учун янги сифатли йўл анжомлар тўплами тақдим этилмоқда.

Йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва рўйхатдан ўтиш вақтини қисқартириш мақсадида барча аэропортларда автоматлаштирилган паспорт ўқиш ускуналари, юкнинг тез олинишини таъминловчи автоматлаштирилган юкларни сканерлаш тизими ўрнатилган. Аэровокзалларда таҳорат ва ибодат учун махсус хоналар жорий этилган. Жисмоний имконияти чекланган йўловчилар учун шарт-шароитлар яратилган, улар учиб келиши ва кетишида тиббий ходимлар томонидан доимий назоратда бўлади.

Мамлакатимиз ҳукуматининг эътибори ва кўмагисиз авиакомпания муваффақиятли фаолият юрита олмайди, албатта. Эришилган натижалар, бу, биринчи навбатда, давлатимизнинг чуқур ўйланган ва тўғри йўналтирилган сиёсати, халқимизнинг хавфсиз ва муносиб ҳаёти, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг мевасидир.

Муаттар Рўзибоева, ЎзА
5 328