ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

“УзАвто Моторс Пауэртрейн” корхонасида KPI тизими самарали жорий этилган

“УзАвто Моторс Пауэртрейн” корхонасида KPI тизими самарали жорий этилган

“УзАвто Моторс Пауэртрейн” акциядорлик жамиятида ходимлар меҳнати фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими, унинг хусусиятлари ва таъсири” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда фаолият юритаётган “Ўзбекнефтегаз”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Йўлқурилиш”, "Тошкентвино комбинати" АЖ каби 15 га яқин йирик корхона масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий фаолият йўналишларидан бири бу давлат иштирокидаги корхоналарда самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари – KPI тизимини жорий этиш орқали давлат корхоналарини тўғри ва самарали бошқариш ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда давлат иштирокида 1 минг 607 та корхонада KPI тизими жорий этилган. Йирик корхоналарнинг самарадорлигини баҳолаш ва унинг натижаларини жорий йилдан бошлаб, расмий веб-сайтда эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

photo5433912492150599334.jpg

Корхонанинг самарадорлик даражасини ошириш учун фақатгина ижроия органининг KPI тизимини белгилаш эмас, балки корхонада меҳнат қилаётган барча ходимлар учун буни қўллаш мақсадида республикамизда самарали фаолият юритиб келаётган корхоналар амалиётини ўрганишни даврнинг ўзи тақоза этмоқда. KPI тизими, яъни самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини жорий этиш корхонанинг стратегик мақсадларига эришишда ёрдам берувчи муҳим ва замонавий воситадир. Бундай кўрсаткичлардан фойдаланиш ҳар қандай корхона учун доимий равишда ўз молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиб бориш ва стратегик вазифаларни амалга ошириш жараёнини баҳолаб бориш имкониятини яратади.

– Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад, давлат иштирокидаги корхоналарда жорий этилган KPI амалиёти билан бошқа корхоналарни ҳам таништириш ҳисобланади, – деди Давлат активларини бошқариш агентлиги масъул ходими Баҳтиёр Ҳайдаров – “УзАвто Моторс Пауэртрейн” корхонасида KPI тизими жуда қулай ва самарали жорий этилган. Шунинг учун ҳам ушбу ташкилот фаолиятини бошқа корхоналарга намуна сифатида кўрсатдик.

“УзАвто Моторс Пауэртрейн” корхонаси 2008 йилда ташкил этилган. Автомобиллар учун двигателлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада бугунги кунда АҚШ, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Венгрия каби давлатларда малака ошириб келган минг нафардан ортиқ маҳаллий мутахассис ва техник ходимлар меҳнат қилади.

Корхонада ҳар бир ходим учун KPI тизими электрон тарзда қўлланилиб, кўрсаткичларнинг бажарилиш даражасига қараб ходимлар қўшимча рағбатлантирилади. Бу эса, ўз навбатида, корхонада қатъий тартиб-интизомни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми ва сифатининг ошишини ҳамда энг асосийси, ишчи-ходимларнинг ўз вазифаларига чуқур масъулият билан ёндашишини таъминлайди.

2 827
Гулноза БОБОЕВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА