ЎзА Ўзбек

28.03.2020 Чоп этиш версияси

UzAuto Motors автомобилларининг Қозоғистонда ишлаб чиқарилишига старт берилди

UzAuto Motors автомобилларининг Қозоғистонда ишлаб чиқарилишига старт берилди UzAuto Motors автомобилларининг Chevrolet бренди остида Қозоғистоннинг “СариаркаАвтоПром” масъулияти чекланган ширкатида ишлаб чиқарилишига старт берилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг мустаҳкам сиёсий иродаси ва доимий мулоқотлари асосида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар янада мустаҳкамланиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. 

photo_2020-03-28_11-33-40.jpg

Фикримиз далилини Қозоғистоннинг Қўстанай шаҳрида Chevrolet бренди остида UzAuto Motors автомобилларини SKD йиғиш бошланганида кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин масофадан туриб видео-кўприк орқали конвейерни ишга тушириш тантанали маросимида қатнашди.

photo_2020-03-28_10-01-46.jpg

Қозоғистоннинг Қўстанай шаҳрида Cobalt, Damas, Labo ҳамда Malibu автомобилларининг янги моделлари ишлаб чиқарилади.

Таъкидланишича, барча маҳсулотлар General Motors компанияси томонидан белгиланган жаҳон стандартлари асосида ишлаб чиқарилади. Қайд этиш жоизки, Қозоғистонда энг машҳур саналган Ravon “Nexia R3” автомобили ҳам эндиликда Chevrolet бренди остида чиқади. Ушбу йўналишдаги кейинги қадамда Chevrolet моделлар қатори янги истиқболли Tracker ва TrailBlazer ва бошқа автомобиллар билан тўлдирилади.

Дастлабки босқичда йилига 26 минг, келгусида эса 100 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг дастлабки йилида 13 минг автомобилни Қозоғистон орқали яқин хориж давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган. 

photo_2020-03-28_11-33-52.jpg 

Мазкур лойиҳа 2020 йил 25-26 февраль кунлари Урганч шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида “Allur Group” компаниялар гуруҳи ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ ўртасида имзоланган қўшма қарор доирасида амалга оширилмоқда. Аввалроқ, 2017 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қозоғистон Республикасига ташрифи чоғида “СариаркаАвтоПром” МЧШ ишлаб чиқариш қувватларида автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган эди. Ушбу давр мобайнида ички ва ташқи бозорларга мўлжалланган 11 мингдан ортиқ енгил автомобиль ишлаб чиқарилган.

9 601
Хуршид ҚОДИРОВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА