ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Уюшмаган ёшлар ҳарбий полигонда

Уюшмаган ёшлар ҳарбий полигонда

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши раиси Жамшид Ходжаев 100 нафар уюшмаган ёшлар билан бирга “Каттақўрғон” ҳарбий полигонида 10 кунлик ҳарбий хизматга жўнаб кетди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича Навоий вилояти намуна этиб белгиланган эди. Шу муносабат билан вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий ҳарбий округ Қўмондонлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир ёшларнинг дунёқарашини шакллантиришда муҳим омил бўлади.

Жорий йилнинг 25 февралидан 2 мартига қадар давом этиши белгиланган ҳарбий хизматда ёшларнинг иродаси ҳар томонлама синовдан ўтказилиб, юрт ўғлонининг Ватан олдидаги ҳақиқий йигитлик бурчи ва масъулиятини шакллантиришга йўналтирилган машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳарбий хизматнинг дастлабки куни Ўзбекистон Республикаси Марказий ҳарбий округининг “Каттақўрғон” ҳарбий полигон базасида махсус дастур асосида уюшмаган ёшлар учун ташкил этилган ҳарбий-ватанпарварлик лагерида иштирокчиларни ҳарбий полигон шаҳарчаси билан таништиришдан бошланди.

Бундан ташқари, хизмат давомида “Ўз-ўзини бошқариш ва идрок этиш” психологик семинар-тренинглар, ҳарбий спорт эстафетаси, спорт турлари бўйича мусобақа: турникка тортилиш, брус, тош кўтариш, арқон тортиш, “Ҳарбий-ватанпарварлик лагеридан олган таассуротларим” мавзусида иншолар танлови ҳамда гулхан атрофида иштирокчилар, ҳарбий хизматчиларнинг вилоят раҳбарлари билан учрашуви ўтказилмоқда.

Шунингдек, ёшлар йигитлик бурчини ўташ даврида ўқув-иммитация гранаталарни улоқтириш, жанговар тайёргарлик бўйича амалий меъёрларни бажариш, ҳарбий-тиббиёт асосларини ўқитиш, ўқув жойи – оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш меъёрларини бажариш, БТГР қуролидан кўргазмали ўқ отиш каби машғулотларни бажаради.

Ҳарбий хизмат якунида ёшларнинг ота-оналарини ҳам полигонга таклиф этиш режалаштирилган.

1 315
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА