ЎзА Ўзбек

06.08.2018 10:07 Чоп этиш версияси

Уйсиз ва дайдилар муаммосини ҳал қилиш йўлида

Уйсиз ва дайдилар муаммосини ҳал қилиш йўлида

Уйсизлик инсоният олдидаги глобал муаммолардан бири. Бугунги кунда мазкур муаммони ҳал қилиш жуда ҳам долзарб бўлиб турибди. Уйсизликнинг асосий сабаби бошпана сотиб олиш ёки ижарага олиш учун маблағнинг йўқлигидир.

2005 йилги маълумотларга кўра, жаҳонда уйсизлар сони 100 миллион кишидан ошиб кетган. 2008 йилда АҚШда уйсизлар сони 664 мингдан 1,6 миллионгача етган. Германияда уйсизлар сони 860 минг кишини ташкил қилади. Мана шунча миқдордаги кишилар шаҳарлар кўчаларида яшаб келади. Улардан айримлари картон қоғозларни кўрпа-тўшак сифатида фойдаланган ҳолда кўприк остларида яшайди. Дам олиш боғларидаги ўриндиқларда тунни ўтказувчилар ҳам кўплаб топилади. Қиш ойларида эса дайдилар иссиқлик қувурлари устида истиқомат қилишни афзал кўради.

Мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, жаҳонда уйсизлар муаммоси ҳар хил ечилади. Айрим мамлакатлар уйсизларга вақтинча бошпана беришга ҳаракат қилади. Айрим давлатларда шаҳар расмийлари уйсиз ва дайдиларни иш билан таъминлашнинг йўлини излаб топмоқда.

Интернет саҳифаларида пайдо бўлган хабарларга қараганда АҚШ ва Европанинг бир қатор мамлакатларида уйсиз ва дайдиларни гид сифатида ишга олаётган сайёҳлик ташкилотлари пайдо бўлмоқда. Эндиликда дайдилар шаҳар кўчаларини сайёҳларга кўрсатиш ва таништиришда ҳақиқий гидларнинг нонини яримта қиладиганга ўхшайди. Шуни таъкидлаш керакки, 19 аср охирларига қадар Европанинг бир қатор шаҳарларида айнан уйсизлар хорижлик меҳмонларга йўлбошловчилик қилишган. Бир томондан, дайдилар йўл кўрсатиб, бир бурда нон учун пул топишган бўлса, иккинчи томондан меҳмонларнинг бегона шаҳарда адашиб қолмасликларининг олди олинган. Бироқ етарли малакага эга бўлмаган бу каби гидлар хорижликларнинг кўпроқ пулини “шилиб олиш”ни кўзлашарди. Улар ўзларининг танишлари бўлган дўконларга хорижликларни олиб боришар ва бунинг учун дўкон эгаларидан ҳам чойчақа ишлаб олишарди. Бу каби сохта гидлар бугунги кунда ҳам топилади.

Тарқатилган хабарларга қараганда Испаниянинг Барселона шаҳрида сайёҳлик фирмалари уйсизларни ишга ола бошлади. Чунки улар шаҳар кўчаларини яхши билишади. Бу каби лойиҳалар Лондон (Unseen Tours), Сан-Франциско (Homeless Walking Tour), Амстердам (Walking with a Homeless Guy in Amsterdam)да ҳаётга татбиқ этилмоқда.

1990-йилларнинг сўнгида Америка матбуотида Тимоти Левич (Timothy Levitch) ҳақида мақолалар пайдо бўлган эди. Бир неча йил давомида Нью-Йоркда чўнтагида бир центсиз истиқомат қилган бу инсон ноанъанавий йўл билан хорижлик меҳмонларга шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатишга аҳд қилади ва шу тариқа чойчақа ишлаб топади. У сўзамол ва ҳазилкашлиги билан хорижлик сайёҳларга ёқиб қолади. Охир оқибат у телебошловчи бўлиб етишади.

Бундан бир неча йил муқаддам Чехия пойтахти Прагада Карлов университетининг ижтимоий тадқиқотлар факультети талабаси Тереза Юречкова (Tereza Jurečková) томонидан Pragulic лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилган эди. Pragulic уйсиз гидлар хизматидан фойдаланувчиларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилди. Буюртмалар интернет орқали олинади. Дайди бошловчилар сайёҳларнинг қизиқишига қараб, уларни Прага кўчаларида айлантириб юришлари мумкин. Бу лойиҳа 2012 йилнинг августидан бери ҳаётга татбиқ этилди. Лойиҳа уйсиз дайдиларга вазиятдан чиқиб кетишлари учун катта ёрдам берди. Эслатиб ўтамиз, дайди-гидларнинг хизмати 250 крон ($13)ни ташкил қилади. Талабалар учун имтиёзлар бор. Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Прагада 4 минггга яқин дайди бор. Бироқ уларнинг сони ошиб бормоқда.

10 йилдан бери Барселонада фаолият юритиб келаётган Британиянинг Hidden City Tours тур фирмаси ҳам дайдиларни йўлбошловчиликка олмоқда. Барселонада дайдилар сони 3 минг кишини ташкил қилади.

Сербиянинг Ниш шаҳрида 43 ёшли Братислав Стоянович уй-жойидан ажралиб қолганидан сўнг, қабристондан бошпана топишга мажбур бўлди. У қабристондаги хилхонада истиқомат қилиб келади.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
8 827