Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 16:22 Чоп этиш версияси

Уйимизни кўриб келайлик...

Уйимизни кўриб келайлик...
Шаҳноза бундан 14 йил аввал Яшнаобод туманидаги “Беҳизор” маҳалласида яшовчи Эшматовлар оиласига келин бўлиб тушган эди. Орадан ўтган йиллар давомида ёш оила ўзидан кўпайиб, тўртта фарзанд кўрди.

Нафақат уларнинг оила аъзолари кўпайди. Бу орада Шаҳнозахоннинг ёнига икки овсин тушди. Шу тариқа 1966 йил Тошкентда юз берган зилзиладан кейин одамларга вақтинча яшаб туриш учун берилган икки сотихли ҳовлида яшаётганлар сони 18 нафарга етди.

- Бу уйлар ёғочдан қурилган бўлиб, қўшниларнинг девори бир-бирига уланиб кетган,-дейди Шаҳноза. - Бузиб қуришни иложи йўқ. Агар бузилса, ёнидаги қўшнини уйи ва ҳовлиси очилиб, девори ҳам қулаб тушиши ҳеч гап эмас. Алоҳида уй-жой қилиб, чиқиб кетишга иқтисодий аҳволимиз тўғри келмайди. 

Оила аъзоларида уй-жой харид қилишга имконият йўқлиги боис кичик ҳовлида уч овсин 12 нафар бола кун кечирмоқда. Ака-укалар яхши яшаш учун нима қилмоқ ҳақида бош қотириб, маслаҳат қилиб юришганда Президентимиз ташаббуси билан арзон уй-жойлар қуриш бошланди.

Бундай уйларнинг биринчи босқичида етарлича маблағи бўлмагани учун Эшматовлар оиласи рўйхатдан тушиб қолди. Уларнинг “Беҳизор” маҳалла фуқаролар йиғинига ва туманда фаолият юритаётган туман кенгаши депутатларига қилган мурожаатлари ижобий ечим топди.

Айни вақтда Шаҳнозахон ва унинг овсинига Сергели туманида қурилаётган уй-жойлардан иккита уч хоналиси ажратиб берилди. Бу уйлар учун бошланғич маблағни тўлаган оилаларнинг қувончи чексиз.

- Арзон нархларда сифатли қурилаётган уйлар биз каби турар жойга эҳтиёжманд ёш оилалар учун катта имконият бўлди, – дейди Шаҳнозахон. – Уйларимизга тезроқ кўчиб ўтиб, тоза, озода, сарамжон-саришта уйда яшашни жуда истаймиз. Насиб бўлса, мустақиллик байрами арафасида битар экан. Бу кунни болаларим ҳам жуда интиқ бўлиб кутяпти. Ҳар куни фарзандларим қурилиш бўлаётган жойга борайлик, уйимизни кўриб келайлик, деб ҳол жонимга қўйишмайди. Бир неча марта кўриб ҳам келдик.

Ҳа, бугун оила аъзоларининг қувончи чексиз. Айниқса, болалар ҳадемай, қурилиши якунланадиган янги, чиройли, кенг ва қулай, ҳовлисида болалар учун турли арғимчоқлар бўлган уй-жойларга кўчиб ўтишни ҳаяжон билан кутишмоқда.

Сайёра Шоева, ЎзА
7 730