ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Уйимдаги китоб

Уйимдаги китоб

Навоий вилояти Қизилтепа туманида мактаб ўқувчилари ўртасида “Уйимдаги кутубхона” мавзусида иншолар танлови ўтказилди. 

Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қизилтепа тумани ўқув-спорт техника клуби томонидан тумандаги 41-умумтаълим мактаби ўқувлари ўртасида бўлиб ўтган иншолар танловида мактабнинг аълочи, ижодкор ўқувчилари иштирок этди.

Бугун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Менинг биринчи китобим”, “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила” каби китоб байрами, танлов ва сайллар аҳоли, айниқса ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш, уларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини янада ошириш ва шу орқали маънавий дунёсини бойитиш, Ватанга садоқат тyйғyсини юксалтириш, шунингдек, бунёдкорлик ғояларини тарғиб этишдек эзгу мақсадларни мужассам этгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши, 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Иншолар танлови доирасида ўқувчиларнинг ҳудуддаги таниқли ижодкорлар билан учрашуви ташкил этилди. Учрашувда туманда узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган фахрий журналист Мансур Аслонов ўқувчиларга мутолаанинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Болаларни китоб мутолаасига чорлаш хайрли ва эзгу иш ҳисобланади. Бу борада яқиндагина юртимизда “Болалар адабиёти” адабий-бадиий журналининг таъсис этилиши навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Қизилтепа тумани таълим муассасаларида ўқувчиларни китоб мутолаасига, адабиётга қизиқтириш, уларни болалар адабиётининг энг сўнгги янгиликларидан воқиф этиб бориш учун етарли шароит яратилган, – дейди 41-умумтаълим мактаби директори Д.Фармонова. – Хусусан, мактабимизнинг янги ташкил этилган ахборот-кутубхонасида болалар адабиётлари учун китоб жавонлари ташкил қилиниб, доимий янгилаб борилаётир.

Учрашувда мамлакатимизда ижодкорлар, айниқса истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор адабиётимиз ривожига хизмат қилаётгани таъкидланди. Бу борада 41-умумтаълим мактабида ёш ижодкорларни камолга етказишда таълим-тарбия ишларини янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. 

Иншолар танловида 5-А синфи ўқувчиси Нурбек Маърупов, 6-А синфи ўқувчиси Сабрина Қиёмова ва 6-В синфи ўқувчиси Сардор Дониёров ғолибликни қўлга киритди. 

Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва китоблар билан тақдирланди.

Раъно Тошева,
Қизилтепа тумани ЎСТК бошлиғи ўринбосари

2 742
ЎзА