Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2018 18:25 Чоп этиш версияси

Қуйи Чирчиқда “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази, 14 “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаси барпо этилмоқда

Қуйи Чирчиқда “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази, 14 “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаси барпо этилмоқда
Гулноза Тоштемировани маҳалладошлари моҳир дизайнер, қўли гул тикувчи, деб алқашади. У ташкил этган тикув цехида Гул маҳалласининг 30 чевари томонидан болалар ва эркаклар учун 10 дан ортиқ турдаги кийим-кечаклар тайёрланмоқда. Эътиборлиси, маҳсулотларнинг 20 фоизи “Made in Uzbekistan“ бренди остида Тожикистон Республикасига экспорт қилинаётир. 

– 12 тикувчи билан чоғроққина тикув цехида фаолият юритаётган эдик, – дейди Гулноза. – Шу боис, анчадан буён ишлаб чиқаришни кенгайтиришни ўйлаб юрган эдим. “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ишчи гуруҳи аъзолари келиб фаолиятимизни кенгайтириш бўйича имтиёзли кредит таклиф қилди. Қарийб 50 миллион сўмлик кредит эвазига 14 замонавий тикув машинаси, бичиш ва дазмоллаш дастгоҳлари олдик. 14 нафар ёш доимий иш билан таъминланди.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида Қуйи Чирчиқ туманида Гулноза сингари шижоатли 116 нафар ёшга 2,3 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. 1 минг 239 ёшнинг бандлиги таъминланди.

3 (1).JPG

Ёшларнинг фаол бизнес билан шуғулланиши учун зарур шароит яратиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш бўйича дастлаб пойтахтнинг Чилонзор тумани ва Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2018 йил 27 июнда Президентимизнинг “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

– Туманда 102 минг аҳоли, жумладан, 42 мингдан зиёд ёшлар истиқомат қилади, – дейди Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ғ.Шодмонов. – “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида республика ишчи гуруҳи томонидан 21 минг 200 га яқин хонадонга кирилиб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 27 минг 400 дан ортиқ ёшларнинг қизиқиш ва муаммолари ўрганилди.

Маълумотларга кўра, ўрганиш жараёнида ёшларни қийнаб келаётган 1 минг 500 дан ортиқ муаммо аниқланиб, уларнинг 1000 дан зиёди жойида ҳал этилган. Ишсизлиги аниқланган 6 минг 300 дан ортиқ ёшнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ногирон ва имконияти чекланган 23 ёшга аравача топширилиб, 114 нафарига республика тиббиёт муассасаларида даволаниш учун йўлланма берилган. Ёшларнинг чорвачилик, боғдорчилик билан шуғулланиши, иссиқхона ташкил этиши учун 402 гектар ер ажратилган. Тумандаги 37 маҳалланинг 13 таси “оғир”, 18 таси “қониқарсиз” ва 6 таси “қониқарли” тоифага ажратилиб, уларни босқичма-босқич “яхши” тоифасига ўтказиш бўйича манзилли ишлар йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, туман ёшларининг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка оид таклифларини амалга оширишни назарда тутувчи 2018-2019 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси“ ишлаб чиқилган.

5.JPG

Айни пайтда туманда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармон ижроси доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ҳокимлиги ҳузурида “Ёшлар – келажагимиз“ жамғармаси ташкил этилиб, бюджет маблағлари ҳисобидан 500 миллион сўм ажратилди. Ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши кутилаётган ушбу жамғармага яна 13 миллион АҚШ доллари жалб этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

– Туман марказида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази қад ростламоқда, – дейди Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси О.Султонбеков. – Ойдинобод маҳалласида “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этилди. Июль ойи якунига қадар яна 2 та, август ойида эса 11 та, жорий йилда жами 14 та ана шундай марказ барпо этиш режалаштирилган.

Туманнинг Уччинор маҳалласида 3 мингдан зиёд аҳоли, жумладан, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 576 йигит-қиз истиқомат қилади. 175 нафар ёшлар ишсиз. Уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича маҳаллада тикувчилик цехи, савдо дўконлари, новвойхона, дорихона, сартарошхона ва автомобиллар тузатишга ихтисослашган устахонани ўз ичига олган “Yoshlar mehnat guzari”, 150 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси барпо этилаётир. Ушбу объектлар фойдаланишга топширилиши билан 55 ёшнинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган. 

Мухтасар айтганда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури қуйи чирчиқлик ёшлар ҳаётида туб бурилиш ясаб, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш ва ривожланишни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Авазбек Худойқулов, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
4 491