Қуёш нури билан иситиладиган иссиқхоналар барпо этилади
Аграр соҳани ислоҳ қилишнинг ўзига хос йўлини танлаган Хитой қишлоқ хўжалигида улкан ютуқларга эришган давлатлардан бири ҳисобланади.
Аграр соҳани ислоҳ қилишнинг ўзига хос йўлини танлаган Хитой қишлоқ хўжалигида улкан ютуқларга эришган давлатлардан бири ҳисобланади. Уларнинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги салоҳиятини юзага чиқариш мақсадида қатор ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, ХХР экология ва география фанлар академиясининг Синцзян илмий-тадқиқот институти билан мамлакатимиз Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ўртасида узвий алоқа ўрнатилган. Хитойнинг “Якехин” компанияси Тошкент вилоятида 60 гектар, “Пенг Шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси Сирдарё вилоятида 140 гектар майдонда пахта етиштириш учун томчилатиб суғориш технологияси жорий қилгани ҳам ана шундай дўстона алоқалар самарасидир.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам тажриба алмашиш борасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Айни вақтда кенгашнинг йигирма нафарга яқин мутахассиси ва фермерлар Хитойнинг Шандунь провинциясида малака оширмоқда.
– Хитой усулидаги қуёш нури билан иситиладиган иссиқхоналарни қуриш, уларни юритиш ва самарадорлигини ўрганмоқдамиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Қ.Нурымбетов. – Энергия самарадор иссиқхоналар эса хитойлик фермерларнинг ажойиб ихтироси бўлиб, мева ва сабзавотлар етиштиришни қўшимча иссиқликсиз амалга ошириш имконини беради. Бунда объектни қуришда унинг куз-қиш мавсумида қуёш нурлари иссиқхона ички қисмини ёритиб берадиган тарзда бўлишига эътибор бериш керак экан. Юртимизда қуёшли кунлар кўп бўлишини ҳисобга олсак, бу бизда яхши самара бериши, шубҳасиз. Қорақалпоғистонда бу тажрибани кенг татбиқ этамиз.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши делегацияси кейинги кунларда Шандунь провинциясидаги қишлоқ хўжалиги технологияси ўқитиш марказида ва қишлоқ хўжалик технологияси корхонасининг иссиқхонада узум етиштириш тажрибасини ўрганиши мўлжалланган.