ЎзА Ўзбек

16.08.2018 19:26 Чоп этиш версияси

Қуёш энергетикаси соҳасида энг йирик инвестиция лойиҳаси

Қуёш энергетикаси соҳасида энг йирик инвестиция лойиҳаси
Жорий йил 26 августа куни пойтахтимизда «SkyPower Global» компаниясининг мамлакатимиздаги офиси учун ходимларни саралаш мақсадида ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилади. Мазкур тадбир Ўзбекистон ҳукумати, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ва «SkyPower Global» ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг илк босқичи сифатида ташкил этилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 28 апрелдаги «Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва «SkyPower Global» компанияси ўртасида имзоланган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ, ушбу компания 1,3 миллиард долларга яқин тўғридан-тўғри инвестиция киритиш йўли билан кенг кўламли лойиҳани амалга оширишни бошлаш арафасида. Лойиҳа доирасида 1 000 МВт умумий қувватдаги қуёш энергияси ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш режалаштирилган. 

photo5447583944284416342.jpg

Давлат-хусусий шерикликнинг муваффақиятли намуналаридан бири бўлган мазкур лойиҳа амалга оширилгач, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида Ўзбекистондаги барча энергия манбалари умумий ишлаб чиқариш қувватининг қарийб 10 фоизи миқдорида электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу 2030 йилга қадар Париж иқлим келишуви талабларини бажариш ҳамда аҳолини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа минглаб иш ўринларини яратиб, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига 2,9 миллиард доллар миқдорида ҳисса қўшиши кутилмоқда. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА.
5 328