ЎзА Ўзбек

29.03.2020 Чоп этиш версияси

Уйда қолиб, китоб ўқинг!

Уйда қолиб, китоб ўқинг!

Китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Бугунги кунда эса унинг долзарблик кўлами янада ортган. Кўпчилик китобхонлик даражаси тушиб кетган дейишса, яна кўпчилик бунга замонавий технологияларни сабаб қилиб кўрсатишади. Ҳар нима бўлганда ҳам китобни ўқийдиганлар, уни яқин дўст деб биладиганлар талайгина.

Менимча, китоб ўқиш ҳам бир санъат. Унинг ўзига хос сирлари, қоидалари бор. Бугунги кунда китоблар шунчалик кўпки, уларни барчасини мутолаа қилишга инсоннинг умри етмайди. Энг яхшиси, кўп бериладиган тавсия – сараланганлардан энг сараларини ўқиш маъқул.

Китоб жавонимдан севимли китобимни қидираман. Аслида қидиришимга ҳам ҳожат йўқ. Бу китобни қаерда туришини ёддан биламан – Эркин Аъзам. “Олам ям-яшил”. 1984 йилда нашр этилган мазкур китобда адибнинг ҳикоялари жамланган. Инсоннинг энг беғубор даври бўлмиш болалик, ёшликнинг гўзал дамлари, ширин хотиралари, завқи, орзулари акс этган ҳикояларни ўқир экансиз, бир зум бўлса-да, дунё ташвишларини унутасиз. Хаёлан ўша беғубор дамларингизга қайтасиз.

Китобдан ўрин олган ҳикоялар қаҳрамонлари ҳаётнинг майда-чуйда ташвишларига ўралашиб қолишни истамайди, ўз “мен”ини қидиради, шунга талпинади. Ўз туйғуларини ошкор айта олади, ҳеч бўлмаса орзуларини амалга оширишга уриниб кўради.Тасвирдаги самимият, тиниқлик, латифлик ўқувчига ажиб жозиба бахш этади. Адиб кишини туйғулар олами томон етаклайди, турфа характерли қаҳрамонларга дучор қилади, уларнинг қалб кечинмалари билан ошно этади. “Баҳор”, “Баҳорни қувиб”, “Шаҳардан одам келди”, “Анойининг жайдари олмаси”, “Қор босган довон”, “Боғболалик Кўкалдош” каби қатор ҳикояларида инсон руҳий дунёсига лиро-романтик ёндашув асосида нигоҳ ташланади.

Адиб ижодида “Анойининг жайдари олмаси” ҳикояси алоҳида ажралиб туради. Ҳикояда энг юксак туйғу – дўстлик улуғланади. Ҳикоя қаҳрамони Рамазон табиатидаги тўғрилик, очиқкўнгиллик, меҳр ва садоқат самимий тасвирланади. Ҳикоя қаҳрамони Рамазон анойи, чапани, афандисимон образ сифатида акс эттирилади. У, ёзувчининг, ўз сўзи билан айтганда, “ҳаётни қандай бўлса шундайлигича қабул қилади, шундайлигича тушунади”. Шунинг учун унинг хатти-ҳаракатлари атрофдагиларга “ғалати” туюлади. Унинг ички дунёси қалб туғёнлари билан ҳеч ким ҳисоблашмайди. Унинг муносабатларида сохтагарчилик йўқ. Рамазон ўз манфаати учун ҳеч кимга мулозамат, хушомад қилмайди. Ҳатто ўзи танимаган кимсага яхшилик қиламан деб “жиноят” курсисига ўтирса ҳам, бундан ҳеч афсусланмайди, бировнинг айби учун қамоқ жазосини ўтайди. Шунда ҳам унда норозилик, тушкунлик кайфияти сезилмайди.

Рамазон образи бизга жаҳон адабиётининг атоқли вакилларидан бири испан адиби Мигель де Сервантеснинг “Дон Кихот саргузаштлари” романи қаҳрамони Дон Кихотни эслатиб юборади. Дон Кихот эзгулик йўлида курашга отланади. Кўп саргузаштларга дуч келади. Қилган ҳаракатлари учун кулгига қолади, ўлар ҳолатда калтакланади. У ўз даврини, ўз муҳитини ўзгартирмоқчи бўлади. Тўғри, унинг хатти-ҳаракатлари охир-оқибат ёмонликлар, кулфатларга олиб келади. Лекин Дон Кихотнинг мақсади эзгулик улашиш. Бу йўлда у қийинчиликлардан қўрқмайди, ўз йўлидан, мақсадидан қайтмайди. Иcпаниялик машҳур ёзувчи Мигел де Унамуно Cервантеc яратган Дон-Кихот образига таъриф бериб: “Агар дунёда чанг-тўзон кўтарилcа, андиша, виждон, эзгу-cаховат, ғамхўрлик кўкка cовурилcа, агар худбинлик ҳиccи нафcоният кўзни қамаштирcа, жаҳолат гирдобига тушиб қолган одамлар шахcий манфаат учун бир-бирининг жонига қаcд қилишга шай бўлcа Дон-Кихотларча – тишни-тишга қўйиб маънавиятни, ахлоқ-одобни, инcоний фазилатларни cақлаб қолишга, ғалаба қозонишга, умид билан барчаcини ҳимоя қилишга тўғри келади”, деб ёзган эди.

Шу нуқтаи назаридан Эркин Аъзам яратган Рамазон образига ҳам шу таъриф тўла мос келади. Ҳар иккала образдаги бир мақсад уларни бир нуқтага уйғунлаштиради.

Умуман олганда, китобдаги ҳикоялар қаҳрамонлари бизга дунёда эзгу инсоний туйғулар борлигини эслатиб туради.

Обид ШОФИЕВ,
Термиз давлат университети доценти в.б.,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори

2 827
ЎзА