Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 14:28 Чоп этиш версияси

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими янгиликлари

Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг таркибида вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик асосида кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, кўп хонадонли уйларни сақлаш қоидаларига риоя этилишини техник назорат қилиш бўйича самарали тизимни шакллантириш, аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатишни тубдан яхшилашга қаратилган мазкур фармон ва давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқанд вилоятида ҳам вазирликнинг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси фаолияти йўлга қўйилди.

Бошқарма бошлиғи Рустам Сатторов янги тузилманинг мақсад ва вазифалари, асосий фаолият йўналишлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Кейинги пайтда коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси жиддий ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолган эди – дейди Р.Сатторов. – Мақсад-вазифаси бир бўлган коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари фаолиятида ҳамкорлик, бирдамлик йўқ эди. Натижада таъминотда кўплаб муаммолар юзага келиб, истеъмолчи ва таъминотчи муносабатларида бир-бирини тушунмаслик, ҳуқуқ ва мажбуриятларни бажармаслик ҳолатлари кўпайди. Бу, айниқса, кўпхонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда яққол кўзга ташланиб, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг соҳа фаолиятини янгича асосда ташкил этишга қаратилган фармон ва қарори ўз вақтида қабул қилинган ҳужжатлар бўлди.

Янги ташкил этилган бошқарма ва туман, шаҳарлардаги бўлимларга 83 штат бирлиги ажратилди. 14 туманда биттадан бўлим бошлиғи ва мутахассислар фаолият кўрсатади. Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида эса мутахассислар беш нафардан иборат. Ушбу ходимларнинг барчаси айнан уй-жой, коммунал соҳа мутахассислари орасидан саралаб олинмоқда.

Президентимизнинг фармон ва қарорлари ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимининг 2017 йил 4 июлдаги “Вилоят уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш бошқармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бошқарманинг мақсад ва вазифалари аниқ белгилаб берилди. Яъни вилоятда уй-жой коммунал хизмат кўрсатишда ягона давлат сиёсатини юритган ҳолда тармоқлараро мувофиқлаштириш, уй-жой фонди, ичимлик ва оқова сув, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси тизимларини тубдан реконструкция ва модернизация қилиш, уй-жой фонди ва коммунал соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тўлақонли тайёрлаш, аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлашда тармоқлараро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш фаолиятимизнинг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Вилоят ҳокимининг қарори билан вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш кенгаши ҳам тасдиқланди. Кенгаш таркибига вилоят ҳокимлиги вакиллари, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари раҳбарлари, соҳа олимлари, банк ходимлари ва меҳнат фахрийлари киритилди. Яқинда кенгашнинг дастлабки йиғилишини ўтказиб, айни пайтда олдимизда турган вазифалар, хусусан, кўп қаватли турар жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, коммунал хизмат кўрсатиш идоралари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар белгилаб олинди.

Бугунги кунда олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири кўп қаватли уйларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш ҳисобланади. Чунки йиллар давомида технологиялар ва коммуникация тармоқларининг эскиргани, энергия сарфи ва дебитор қарздорликнинг ошиб бораётгани хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Самарқанд шаҳридаги мавжуд 1024 кўп қаватли уйнинг ҳозирча фақат 55 таси иссиқлик олишга тайёр экан.

Мазкур ҳолат давлатимизнинг эътиборида турибди ва бу муаммони бартараф этиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, 2018-2022 йилларда Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш, иссиқлик тизимларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича техник лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга кўра, шаҳарда 11 марказий иссиқлик узатувчи қозонхона, 26 локал қозонхона модернизация ва реконструкция қилинади. Шунингдек, 49 кичик локал қозонхона қуриш, 146,5 километр иссиқлик тармоғи, 853 кўп қаватли уйларнинг ички иссиқлик узатиш тармоғини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бу ишларга Жаҳон банки томонидан 88,3 миллион доллар ажратилган.

2018 йилда ушбу йўналишдаги ишлар Каттақўрғон шаҳри ва Ингичка қўрғонида бошланиб, 80 дан зиёд қозонхона қурилади.

Бундай йирик лойиҳалар фақат иссиқлик таъминоти бўйича амалга оширилаётгани йўқ. Жаҳон банки кўмагида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари сувоқова тизимини яхшилаш бўйича лойиҳа, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари иштирокида Қўшработда ичимлик сувини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланган.

Фармонга мувофиқ, бошқармамиз сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти объектларини барпо этиш бўйича буюртмачи вазифасини ҳам бажариши мумкин. Эҳтиёж мавжуд ҳудудларда кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилишини ҳам йўлга қўямиз. Бу аҳолига уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш борасида қулайликлар яратишда катта имкониятлар туғдиради.

Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак. Шу пайтгача ҳар бир коммунал хизмат ташкилотида “Авария диспетчерлик хизмати” мавжуд эди. Бироқ улар номигагина ишларди, холос. Энди вилоят бўйича “Ягона авария-диспетчерлик ва тиклаш-таъмирлаш хизмати” фаолияти ташкил этилмоқда. Яъни ҳар бир ташкилотдаги авария хизмати қайта кўрикдан ўтказилиб, модернизация қилинади. Техник тайёргарлик, мутахассислар етарлилиги, тартиб-интизом борасидаги масалалар жойида ҳал этилади. Ҳар бир ташкилотдаги авария хизматлари бевосита “Ягона авария-диспетчерлик ва тиклаш-таъмирлаш хизмати” томонидан бошқарилади. Аҳолига қулай бўлиши учун 4 рақамли портал очиш режамиз бор. Ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олиниб, ижроси таъминланади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 628






Все о погоде - Pogoda.uz