Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2017 12:02 Чоп этиш версияси

Қутқарувчилар тайёрлаш тизими такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмаси замонавий авария-қутқарув техникаси ва ускуналари, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича пухта тайёргарликка эга юқори малакали мутахассислар билан таъминланган. Айни пайтда қутқарувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 июндаги "Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, мамлакатимизда табиий ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, қутқарувчилар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг янги механизмлари жорий қилинмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари К.Ориповнинг таъкидлашича, Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими фаолияти самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг таркибидаги ташкилотлар ходимларининг билими, жисмоний ва руҳий тайёргарлигига боғлиқ. Кўп ҳолларда ҳатто инновацион авария-қутқарув ускуналари ҳам юқори малакали қутқарувчининг тажрибаси, малакаси ва ички сезгиси ўрнини боса олмайди. Шунингдек, барча қутқарув отрядларини махсус автомобиль, авария-қутқарув асбоблари ва мосламаларининг замонавий моделлари билан мунтазам таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Мамлакатимизда ФВВ учун ходимлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Шу мақсадда касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида янги мутахассисликлар бўйича таълим бериш жорий этилди.

Ҳозирги кунда Самарқанд ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи, Олмазор политехника касб-ҳунар коллежи ва Чингелди маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида "қутқарувчи-ҳайдовчи", "қутқарувчи-ғаввос", "йўриқчи-дезинфектор", "газ қутқарувчиси" каби мутахассислар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, жорий йилдан ФВВ ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими учун Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент кимё-технология институти, Наманган давлат университети, Андижон машинасозлик институтида "Ҳаёт хавфсизлиги" бўйича бакалавр мутахассислар тайёрланади.

Таълимни давом эттиришни истаганлар учун ФВВ Фуқаро муҳофазаси институтида "Фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлиги" ихтисослиги бўйича магистратура бўлими очилди. Бу бўлажак қутқарувчилар тайёрлашнинг барча босқичлари ва уларда касбга оид кўникмаларни шакллантириш жараёнини тўла қамраб олиш имконини берди. Энди ФВВ га ишга қабул қилиш жараёнида номзодлар орасидан касб-ҳунар коллежи ва олий таълим муассасасини айнан шу йўналишда битирган мутахассисларга алоҳида эътибор берилади.

– Ушбу ўқув йилидан бошлаб ФВВ ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими учун "Ҳаёт хавфсизлиги" йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланади, – дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети кафедра мудири М.Мусаев. – Бунинг учун янги ўқув режалари, дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари ишлаб чиқилди. Кафедра ва ФВВ Фуқаро муҳофазаси институти ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу машғулот давомида ФВВнинг бой моддий-техник базаси – ноёб ўқув қўлланмалари, манекенлар ва симуляторлардан фойдаланиш имконини беради. Ўқув жараёнида ФВВ ходимлари ҳам фаол иштирок этади. Тажрибали қутқарувчилар томонидан талабалар учун семинар машғулотлари олиб борилади, экскурсиялар уюштирилади ва суҳбатлар ўтказилади.

ФВВ ҳамда Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига аъзо ташкилотлар учун мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мамлакатимиздаги барча қутқарув бўлинмалари фаолияти самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 614






Все о погоде - Pogoda.uz