Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 17:42 Чоп этиш версияси

Устувор вазифалар белгиланди

Жиззахда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ресурс марказининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Жиззах вилояти ресурс марказининг 2011-2016 йиллардаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожланишига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган. ННТларнинг давлат гранти маблағлари билан қўллаб-қувватланиши натижасида ёшлар, ногиронлар, хотин-қизлар, касаба уюшмалари, фуқаролар йиғинлари, илмий-техник, маданий-маърифий марказлар ижтимоий, иқтисодий масалаларни ҳал қилишда давлат ҳокимияти органлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ресурс маркази томонидан 2011-2016 йилларда 140 дан ортиқ турли мавзуларда давра суҳбати, семинар- тренинг, учрашув, акция ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. 89 нодавлат нотижорат ташкилотига ташкилий-техникавий, ахборот-услубий ва ҳуқуқий кўмаклашилди. Ресурс маркази ходимлари, ННТлар вакиллари маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари ҳузуридаги доимий ишчи гуруҳлар ва комиссиялар таркибида иштирок этаётир. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси, одам савдосига қарши курашиш бўйича минтақавий комиссия, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш комиссияси, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ва бошқа жамоат тузилмалари шулар жумласидандир.

Анжуманда фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларда ёшлар ва хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш, экологик вазиятни, атроф-муҳит муҳофазасини яхшилашда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш йўналишларида ННТлар фаолиятини янада фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

– Давлат дастурларини амалга ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, тиббий ва экологик вазиятни яхшилашда ННТлар фаоллиги ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Жиззах вилояти ресурс маркази раҳбари Н.Камолова. – Ўтган ҳисобот даврида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланди. Бу йўналишда ҳудудий ресурс маркази ЎзННТМАга аъзо нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳуқуқий, моддий, методик ёрдам кўрсатиб келаётир.

Анжуманда марказ фаолияти самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Ахлоқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг республика ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайланди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 292






Все о погоде - Pogoda.uz