ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Устозларини қадрлаган устоз

Устозларини қадрлаган устоз

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида ёшларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор туфайли бошқарма ёшлари мустақил тарзда амалга ошираётган ибратли ишлар, бошқармада йўлга қўйилган устоз-шогирд анъаналари ҳақида ҳикоя қиламиз. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистон Республикасининг муваққат президенти ва Бош вазири бўлиб турган вақтидаёқ “Давлатнинг ёшлар сиёсати ҳақида”ги қонунни имзолаган эди. Далат раҳбари сифатида Ш.Мирзиёев илк имзолаган қонун ёшлар ҳақида бўлиши бежизга эмас. Зеро, яна президент ибораси билан айтганда, “Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”. Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилади. Республикада ҳар йили 560 минг ёш махсус ҳунар билим юртлари, лицей ва ўқув юртларини битириб чиқади. 70 мингга яқин ёшларимиз олий маълумот олиб, меҳнат жамоаларига қўшилишади.

Ҳукумат ёшларга ўз эшикларини очди. Кўпгина ёш йигит-қизлар ҳукумат миқёсидаги лавозимларга тайинланди. Масалан, 23 ёшли Алишер Саъдуллаев Халқ таълими вазирининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. (Яқинда у Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.) Яна бир 23 ёшли йигит Олимжон Тўйчиев Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Бош директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бир йил муқаддам Ўзбекистон президенти “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорга имзо чекди. Қарорда “юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш; ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш, ...” каби вазифалар устувор йўналишлар, деб белгиланди.

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ташкил этилганига эндигина икки йил тўлди. Аммо ўтган шу қисқа фурсатда вилоят аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш, яшаш шароитларини янада қулайлаштириш борасида сезиларли ютуқларга эришилди. Кўп қаватли уй-жойлар таъмирланди, ичимлик суви ва оқава сувларининг қувурлари янгиланди, Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлардан 72 тасида лифтлар янгисига алмаштирилди, кўчалар асфальтланди. Аммо бошқарманинг энг катта ютуғи – унда ёшларнинг кўплиги ва бу ёшларнинг ўз ишларига муҳаббатлари.

Бошқармада 30 ёшгача бўлган 28 нафар йигит-қиз ишлайди. Ёш бўлишларига қарамасдан уларнинг айримлари бўлим бошлиғи, кўпчилиги бош мутахассис лавозимларига қўйилган. Масалан, Илҳомжон Саъдуллаев Бошқарманинг Оқдарё туман бўлимини, Шоҳрух Қиличев Иштихон туман бўлимини бошқармоқда.

Бошқарма бошлиғи Рустам Сатторов айнан президентимиз таъкидлаганидек, ёшларни юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар қилиб, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Рустам Сатторов ёшлар ҳақида гапирганида бир гапни тез-тез такрорлашни яхши кўради:

– Мен шогирдларимдан бўлим бошлиқлари эмас, ҳокимлар чиқараман!

Ростдан ҳам Рустам Сатторов ёшлар билан алоҳида дастур асосида ишлайди, уларга жиддий эътибор қаратади. Улар билан тез-тез суҳбатлашиб, уларнинг мустақил бўлишларини, ташаббускор бўлишларини доимо таъкидлаб туради.

photo5456434467427167031.jpg

– Дунёда ҳеч ким танқид ҳам қилмайдиган, ҳеч ким мақтамайдиган ҳам, бор-йўқлиги билинмайдиган, ишга келиб-кетиб юрадиган одамлар жуда кўп, бу ўртамиёна одамлар ҳеч қачон бирор ташаббус ҳам кўрсатмайдилар, аммо бирор хато ҳам қилмайдилар, – дейди Рустам Сатторов. – Сизлар булардан ўрнак олманглар, эртага бунақа одамлар ишга келмай қолса ҳам, ҳатто дунёдан ўтиб кетса ҳам биров билмай қолиши мумкин. Сизларнинг ишхонада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўринларингиз бўлсин! Овозларингиз жаранглаб, борлигингиз билиниб турсин! Бир кун келмасангиз, келмаганингизни ҳамма билсин! Ҳар куни ўзингизга “Мен бугун нима қилдим, нималар қилишим мумкин эди, нималарни қилишга улгурмадим?” деган саволларни бериб туринг. Доимо янгилик ахтаринг ва янгилик яратинг. Сув ҳам бир жойда турса, айнийди. Сиз асло бир жойда туриб қолманг. Доимо изланинг, билимларингизни ошириб боринг, ўзингизни тарбиялаб бориб, комилликка интилинг. Бу йўлда эса, сизга энг яхши кўмакчи китоблар бўлади. Доим китоб ўқишни одат қилинг.

Ўзи ҳам тинимсиз бадиий адабиётларни мутолаа қилиб юрадиган Рустам Сатторов шогирдларини ҳам адабиётга қизиқтириб қўйган. Бошқармада таниқли шоир ва ёзувчилар билан ёшларнинг учрашувлари ва ёшларнинг “Самарқанд китоб олами”га ташрифлари мунтазам йўлга қўйилган.

Яқинда Рустам Сатторовнинг ташаббуси билан Бошқармада “Ёшлар кутубхонаси” ташкил этилди. Рустам Сатторов ўз шахсий кутубхонасидан олиб келиб қўйган 60 та китоб ёнига ёшлар китоб дўконидан олган китобларини ҳам териб қўйдилар. Бугун бу қизиқарли китобларни ўқиб, айрим китоблар ҳақида суҳбатлашмоқдалар ҳам.

Рустам Сатторов ёшларга ўз устозлари ҳақида гапириб беришни яхши кўради. Яқинда Бошқармага ташриф буюрган Рустам Сатторовнинг устозлари ёшларга ўз ҳаёт йўллари ва катта тажрибалари ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.

Бошқарма ёшлари бу суҳбатлардан илҳомланиб, “Устозимнинг устозлари” мавзусида тадбирлар ташкил қилишди. Турли йиллардаги иш фаолияти давомида Рустам Сатторовга устозлик қилган ёши улуғ инсонларнинг уйларига бориб, улар билан суҳбатлашиб, уй ишларига қарашиб, уларнинг дуоларини олиб келишди. Уруш қатнашчиси бўлган Наим Маҳмудов каби дунёдан ўтган устозларининг қабрларини зиёрат қилиб келишди. Бундай тадбирлар натижаси ўлароқ, ижтимоий тармоқларда Бошқарма ёшларидан Аброр Саидмуродовнинг “Устозимнинг устозлари” номли каттагина мақоласи эълон қилинди.

Устозларининг доимо мустақил ва ташаббускор бўлишларини талаб қилгани боис Бошқарма ёшлари ўз ташаббуслари билан бир қанча тадбирларни амалга оширишди. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан барча кўп қаватли уйлардан фойдаланиш ширкатларида болалар учун байрамлар ташкил қилиб, болажонларга ширинликлар, музқаймоқ ва, албатта, китоблар совға қилдилар.

Бошқармада 30 июнь, Ёшлар куни ҳам ёшлар томонидан муносиб нишонланди.

Хотира ва Қадрлаш куни кўп қаватли уйларда яшовчи уруш иштирокчиларининг ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар топширишди.

Бошқарма ёшлари ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Сувни асранг!” акцияси айниқса катта самара берди. Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган акция давомида 500 нафардан ортиқ йигит-қизлар Самарқанд шаҳрининг деярли барча хонадонларида бўлиб, сувнинг қадри, қиммати, уни асраш лозимлиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришди, сув жиҳозларини назорат қилишиб, бузуқ жиҳозларни тузатиш ёки янгисига алмаштириш ишларига бош-қош бўлишди. Ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланаётган кишиларга нисбатан чоралар ҳам кўришди. Ана шу акция натижасида Самарқанд шаҳрида бир кунда 20.000 кубометрдан ортиқ сув, шунча сувни ишлаб чиқишга кетадиган электр энергияси тежалди. Энг муҳими, шаҳарнинг ичимлик суви етиб бормаётган чекка ҳудудларига, кўп қаватли уйларнинг тепа қаватларига ҳам ўша куни тоза ичимлик суви етиб борди. Уларнинг ишидан илҳомланиб, худди шундай акциялар вилоятнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилди. Республика уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бу акцияни қўллаб-қувватлаб, уни мамлакатимиз бўйлаб оммалаштириш ҳақида қарор қабул қилди.

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ёшлари ўз ташаббуслари билан яқинда яна бир муҳим тадбир ўтказишди. “Тозалик дунёни қутқаради!” шиори остида ўтган акцияда Бошқарма ёшлари Самарқанд шаҳрининг кўчаларида, маҳаллаларда, дўконлар ва гаражлар атрофида йиғилиб қолган чиқиндиларни тўплаш ва чиқариш билан шуғулландилар ҳамда аҳоли ўртасида тозаликка, саранжом-саришталикка тарғиб этувчи суҳбатлар ўтказишди.

Сентябрнинг аввалида Бошқарма бошлиғи ташаббуси билан шаҳардаги Боғибаланд анжирзорида ўтказилган “Анжир сайли”да ҳам Бошқарма ёшлари мезбон мақомида хизмат қилиб, сайилга ташриф буюрган 300 дан ортиқ меҳмонларни кутиб олиш, дастурхон безатиш, меҳмонларнинг кўнглини овлаш ишларига бош-қош бўлдилар.

– Ташаббус кўрсатиб туринглар, – дейди уларнинг устози Рустам Сатторов. – Бир куни қайсидир лавозимга кимнидир тайинлаш керак бўлганда ана шу ташаббускорлигингиз сизнинг фойдангизга ишласа, ўртамиёна бўлиб юришингиз, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, қабилида юришингиз эса, сизнинг зиёнингизга ишлайди.

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ёшлари “Устоз ва мураббийлар куни”ни муносиб нишонлаш учун тайёргарликни бошлаб юбордилар. Улар ҳар ҳафта бой ҳаётий тажрибага эга бўлган устозлар, эл ҳурматидаги ижодкорлар, соҳада мураббийлик мақомига эришган тажрибали кишилар билан учрашувлар ташкил қилиш режасини тузиб олдилар. “Устоз ва мураббийлар куни”да эса, барча устозларини йиғиб, бир пиёла чой устида уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, уларга ўз эҳтиромларини кўрсатиб, дуоларини олишмоқчи.

– Бу йилги байрамни “Устозимиздек бўламиз!” шиори остида нишонламоқчимиз, – дейди Бошқарма ёшлари етакчиси Мирвоҳид Ҳамидов. – Устозимиз Рустам Сатторов ўзлари меҳрибон устоз бўлишлари билан ҳамиша ўз устозларини қаттиқ ҳурмат қиладилар, уларга эҳтиром кўрсатадилар. Ҳамиша улар билан фахрланадилар. Биз ҳам устозимиздек бўлишга, устозларнинг дуоларини олиб, улардек элда қадр топишга ҳаракат қиламиз.

Ёшларнинг бу ташаббусларидан уларнинг устози Рустам Сатторов мамнун. 

– Устозларнинг дуосини олган одам асло кам бўлмайди, – дейди Рустам Сатторов. – Мен нимага эришган бўлсам, устозларимнинг хизматини қилиб, улардан олган дуоларим билан эришдим. Албатта, Бошқармамизда ишлаётган ёшларимиз орасида ҳам ғайратли, шижоатли, билимли, энг муҳими, ташаббускор йигит-қизлар кўп. Энг керакли пайтда етакчиликни, раҳбарликни ўз зиммасига ола биладиган ёшларимиз ҳам бор. Биз ана шундай ёшларимиз билан фахрланамиз ва келгусида раҳбарлик ишларини ҳам ишонч билан уларга топшира оламиз. Умид қиламанки, улар эл-юрт, Ватан учун биздан ҳам кўпроқ хизмат қилишади. Бунга эса шароит ҳам, имконият ҳам бор.

Каримберди ТЎРАМУРОД.

6 831
ЎзА