ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

“Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” республика танлови ғолиблари тақдирланди

“Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” республика танлови ғолиблари тақдирланди

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ўтказилган “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” республика танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унга катта иш тажрибасига эга педагоглар, соҳага эндигина кириб келаётган ёш муаллимлар, таълим муассасаларидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ва фаоллар таклиф этилди.

Тадбирда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани, бу жараёнда таълим сифати ва мазмунини такомиллаштириш, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.

photo_2019-09-28_19-12-14.jpg

Давлатимиз раҳбари томонидан кейинги уч йил мобайнида таълим тизимини тубдан ислоҳ этишга оид 6 та фармон ва қарорлар, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилинди. Ота-оналар ва жамоатчиликнинг таклифлари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълим тизими жорий этилди. Сўнгги уч йилда 68 та умумтаълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди. 921 та ўқув маскани реконструкция қилинди ва 420 та мактаб капитал таъмирдан чиқарилди. Буларнинг барчаси соҳа ривожи давлатимизнинг доимий эътиборида эканининг амалий намунасидир.

Ўқитувчи ва мураббийларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, улар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ҳам тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кунда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги 17 минг 981 та бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг қарийб 55 фоизи умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассасаларда касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган жамоа шартномалари орқали ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимояланмоқда.

photo_2019-09-28_19-12-21.jpg

Президентимиз раислигида жорий йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида“ республика танлови ўтказилди.

Уч босқичда ўтказилган мазкур танловда умумтаълим мактабларида камида 20 йиллик педагогик стажга эга бўлган ва шу билан бирга, бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси сифатида эса камида 10 йилдан буён ишлаб келаётган 1 минг 135 нафар ўқитувчи қатнашди. Танлов юртимизнинг олис ҳудудларида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларни ҳам кенг қамраб олди. Уларнинг фаолиятини баҳолашда педагогларнинг ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш, ўғил-қизларнинг маънавий ва интеллектуал дунёсини бойитиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш, соҳа ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш йўналишларида олиб бораётган ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман (шаҳар) кенгашларида тузилган комиссия томонидан танлов иштирокчиларининг фаолияти ошкора ва адолатли баҳоланиб, юқори натижа кўрсатган номзодларнинг ҳужжатлари танловнинг иккинчи босқичига ўтказилди.

photo_2019-09-28_19-12-22.jpg

Жорий йилнинг 16-19 сентябрь кунлари ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида ташкил этилган махсус комиссиялар томонидан низом талабларига мувофиқ сараланган номзодлар, яъни ҳар бир ҳудуддан 3 нафардан, жами 42 нафар номзод танловнинг республика босқичига йўлланма олди. 20-24 сентябрь кунлари эса танловнинг республика босқичи ғолибларини саралаш жараёни бўлиб ўтди. Унда ҳар бир ҳудуддан биттадан энг юқори балл тўплаган 14 нафар соҳа ходими аниқланди.

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ташкил этилган тантанали тадбирда дастлаб таълим тизимида узоқ йиллардан бери меҳнат қилиб, соҳада юқори натижаларга эришиб келаётган фидойи устоз ва мураббийлардан бир гуруҳига касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлашлари учун йўлланмалар топширилди.

Шундан сўнг олий ва халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда ихтисослаштирилган махсус таълим муассасаларида самарали меҳнат қилиб келаётган, соҳани ривожлантириш ҳамда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш билан бирга, касаба уюшма ишини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар Касаба уюшмалари федерацияси томонидан таъсис этилган “Энг фаол ёш ўқитувчи“, “Инновацион фаол ходим“ ва “Энг маҳоратли ўқитувчи“ номинацияларига сазовор бўлдилар ҳамда ноутбуклар билан тақдирланди.

photo_2019-09-28_19-12-23.jpg

Таъкидлаш жоизки, “Энг фаол ёш ўқитувчи“ номинацияси соҳиби бўлган Тошкент давлат техника университети қошидаги академик лицейининг математика ўқитувчиси Жамшид Бўронов ўқувчилари олий таълим масканига энг кўп кирган педагог сифатида эътироф этилди.

“Инновацион фаол ходим“ номинацияси совриндори бўлган пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 560-сонли кўп ихтисосли махсус мактабгача таълим муассасаси методисти Феруза Каримова эса янги педагогик технологиялар, интерфаол усулларни жорий этганлиги ва бир қатор инновацион тадқиқотлари билан юқори натижага эришган.

“Энг маҳоратли ўқитувчи“ номинацияси совриндори бўлган пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 527-мактабгача таълим муассасасининг жисмоний тарбия йўриқчиси Азиза Юнусова спорт соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси, шогирдлари юздан ортиқ мусобақаларда ғолиб бўлганлиги билан эътироф этилди.

Тадбир давомида таълим тизимида фидойилик билан бошқаларга намуна бўлаётган, соҳа ривожида ўз салоҳиятни намойиш этиш билан бирга, касаба уюшмалари ишларида фаоллик кўрсатаётган, жамоа шартномалари орқали таълим масканлари ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини, меҳнат ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилишга ҳисса қўшаётган фидойи устозларнинг бир гуруҳи Касаба уюшмалари федерациясининг “Эҳтиром нишони“ билан тақдирланди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг август ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бу ерда яшаётган аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш юзасидан жиддий ташаббусларни илгари сурган эди. Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тадбирда ёш авлодни маънавий, жисмоний ва интеллектуал етук инсонлар этиб тарбиялашга ҳисса қўшаётган ҳамда ёзги мавсумда болаларни соғломлаштиришга фаол ҳисса қўшаётган муассаса – “Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳига Касаба уюшмалари федерацияси томонидан “Damas” автомашинаси топширилди.

... Тантанали тадбирнинг “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” республика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган қисми ниҳоятда ҳаяжонга бой бўлди. Танловнинг ғолиб ва совриндорларига диплом ва қимматбаҳо совғаларни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов топширди.

Биринчи ўринга Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, мазкур мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Лобархон Рустамова муносиб топилди ва унга “Spark” автомобили ҳамда махсус диплом топширилди.

Иккинчи ўрин – Навоий вилояти Конимех туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси, мазкур мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Нурия Тўрақуловага насиб этди ҳамда у Касаба уюшмалари федерацияси томонидан “Samsung” музлаткичи ва диплом билан тақдирланди. Учинчи ўринга Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги 69-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси, мазкур мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Дилором Тошмуродова сазовор бўлди ва “Samsung” кир ювиш машинаси ҳамда махсус дипломга эга бўлди.

– Президентимиз томонидан таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, ўқитувчиларни ардоқлаш ва жамиятдаги нуфузини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда, – деди танлов ғолиби Лобархон Рустамова. – Бундай эътибордан бошимиз осмонга етиб, ўз устимизда тинмай изланмоқдамиз. Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ўтказилган “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” танловида ғолиб бўлганим биргина менинг эмас, меҳнат жамоамнинг ҳам ғалабаси деб биламан. Зеро, жамоадаги соғлом муҳит янада самарали, астойдил меҳнат қилишга ундайди.

Тантанали тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

10 598
Назокат УСМОНОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА