ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Устоз ва мураббийлар тақдирланди

Устоз ва мураббийлар тақдирланди

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами катта тантана билан нишонланади. Шу муносабат билан жойларда, барча таълим муассасаларида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 25-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида “Сизга таъзим, устозлар!” деб номланган байрам тадбири ҳам кўтаринки руҳда нишонланди.

Тадбирда халқ таълими соҳасида узоқ ва самарали хизмат қилган, санъат танловларида муваффақиятли иштирок этган педагоглар, устозлар хизмати эътироф этилди.

– Мактабимизда 40 дан ортиқ малакали ўқитувчи-мураббий 310 ўқувчига 11 мусиқа ва санъат йўналишида таълим бериб келади, – деди 25-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Холида Холматова. – Ўқувчиларимиз мамлакат ва халқаро миқёсдаги танловларда фаол қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Бу, албатта, юртимизда мусиқа ва санъат йўналишига қаратилаётган алоҳида эътибор маҳсулидир.

Шу каби байрам тадбири Мирзо Улуғбек туманидаги 20-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда устозлар шогирдлари билан биргаликда куй-қўшиқлар ижро этди.

Фахрий устозлар, фаол ўқитувчилар Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

6 035
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА мухбири