Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 15:45 Чоп этиш версияси

Устоз-шогирд анъанасини шакллантириш муҳим вазифа

Устоз-шогирд анъанасини шакллантириш муҳим вазифа
Илгари “Ўзбекфильм” студиясида дубляж қилинган кино асарлар хориж мамлакатларида юқори баҳоланган бўлса ҳам эндиликда у мозийда қолди. 

Фильм қаҳрамонига овоз берган маҳоратли, элимиз ардоғидаги актёрлардан Ҳамза Умаров, Обид Юнусов, Римма Аҳмедова, Ҳожиакбар Нурматов ва Ойбарчин Бакирова каби соҳа заҳматкашларини яна кўп санашимиз мумкин. Бугун улар ишини давом эттираётган Санжар Саъдуллаев, Бекзод Муҳаммадкаримов ва Дилдора Рустамова каби маҳоратли ижодкорларимиз бор. Ўша пайтлар соф дубляж қилинган кинофильмларимизда овоз ва шовқин, қаҳрамонлар образи, дунёқарашини аслидагидек кўрсатиб берилар эди. Шунинг учун ҳар гал бу фильмларни такрор томоша қилсак ҳам асло зерикмаймиз.

Мен дубляжни иккиламчи маҳсулот сифатида биламан. Ҳозирги хориж киноларини кўпчилик томошабинлар асл ҳолича кўришни ёқтиради. Ўзбек тилига ўгирилган кино асарларда ҳам қаҳрамонларнинг овози ўз тилида эшитилади. Бу кадр ортидаги синхрон таржима ҳисобланади. Томошабин ҳам шунга ўрганиб қолмоқда. Ҳозирдан шу масалага жиддий қараб, соҳанинг анъанавий мактабларини яна қайтадан шакллантирмасак бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлган учрашувда маданият, адабиёт ва санъат соҳасини ривожлантириш борасида давлатимиз томонидан муҳим чора-тадбирлар белгиланаётгани, жумладан, қатор фармон ва қарорлар лойиҳаси тайёрланаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Давлатимиз раҳбари томонидан ана шу муҳим ҳужжатлардан биринчиси 2017 йил 7 августда имзоланди. Бу “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор эди.

Унда кино санъатининг ролини ошириш, “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг фаолиятини такомиллаштириш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмларни жаҳон бозорига чиқариш ва фестивалларда намойиш этиш учун чет тилларга субтитрлаштириш ва дубляж қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қартилган.

Президентимиз ўша учрашувда маданият соҳаларида мавжуд муаммо ва камчиликларнинг аксарияти малакали кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ экани ҳақида айтган эди. Юртимизнинг атоқли санъаткори Комилжон Отаниёзовнинг фаолияти, унинг ижодини давом эттирган шогирдлари мисолида ёшларга "устоз-шогирд" анъанаси аҳамиятини кўрсатиб берди.

Айни пайтда дикторлар мактабини яратиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Мен бу соҳада мутахассис бўлмасамда, ўтган вақт давомида авлодлар алмашувини кузатиб, ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдим. Яхши овозлар, жонли ва адабий услубда гапирадиган соҳа мутахассислари ҳозир соҳага жуда керак. Буни анчагина сабаблар билан изоҳлаш мумкин. Илгари, дарҳақиқат, дикторлар мактаби мавжуд бўлган. Айниқса, телевидение деганда Галина Мельникова, Раъно Жўраева, Абдумўмин Ўтбосаров ва Раҳматилла Мирзаев сингари касбига садоқатли ижодкорлар кўз олдимизга келар эди.

Бугун ҳам уларнинг ижод йўлидан кетаётган умидли ёшлар соҳада хизмат қилиб келмоқда. Соҳага энди кириб келаётган ёшларни тарбиялашда ҳамиша уларнинг иш услубини намуна сифатида кўрсатиш, халқаро андозалардан фойдаланиш давр талабидир.

Афзал Рафиқов,
Ўзбекистон халқ артисти

ЎзА