ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Устоз – оламга қалби очиқ донишманд

Устоз – оламга қалби очиқ донишманд
1 октябрь - Ўқитувчилар ва мураббийлар куни

( Талъат ака Солиҳов хотирасига)

Фикрламайдиган инсон гиёҳ битмайдиган шўрҳок ер сингари кўзга ботади. Зеро, тафаккур тирикчиликдан аввал тириклик демакдир. У – тунда улкан ўрмон қаърида адашиб юрган инсон қўлидаги маёқ. Киши гулхан воситасида умрининг сўнггига қадар турли хавф-хатардан сақланиши, егулик пишириб ейиши, ниҳоят, йўл топиб юриши мумкин. Бироқ машъала кишининг ўрмондан эсон-омон чиқиб олишига тўла кафолат бермайди, беролмайди. Чунки ўрмон – чиндан ҳам дарахтлар йиғиндисидан иборат жой эмас, балки инсоннинг қалби, сиру асрори, қисмати бўлиб, бу ерда унинг пешона ёзуғи ҳам иштирок этади.

Одамни билмай туриб оламни билмоқчи бўлган олимнинг ҳолига вой! Дунёни англашдан келадиган завқ ва ҳайрат инсон кўнглини тушунишдан туғиладиган шавқу ҳаяжон олдида ҳеч! Аслида, дунёни билиш инсонни билишдан келади. Инсон бошқа бировга қарши эмас, балки ўзи билан ўзи курашиш зарурлигини англаб етган кундан эътиборан унинг ҳақиқий ҳаёти бошланади. Чунки коинотдаги энг улуғ жанггоҳ – кўнгил. Бошқаси ўзликдан узоқлашиш, бегоналашишдир.

Жарлик томон шиддат билан кетаётган ғофил оломонга мудҳиш ҳалокатдан тинмай сўзлаб, йўлдан зудлик билан қайтишлари зарурлигини уқтира-уқтира ҳолдан тойган, бироқ натижа чиқавермагач, ўзи ҳам улар билан кетишга мажбур бўлган, шунда-да ҳақиқатни лаҳза сайин қайтара-қайтара тубсизлик сари оёқ судраб бораётган донишмандга ўхшатаман мен уни. Сон-саноқсиз ёғий қўшинлари қаршисида ҳадиксиз жилмайиб турган жангчи ҳам – у.

Аслида, устоз – Талъат ака Солиҳов ўта ҳокисор инсон бўлиб, бировнинг қаршисига чиқиб ошкора олишишдан йироқ бир зот эди. Бироқ, айни пайтда, у жангчи ҳам эди-да! Талъат аканинг илму маърифати, зиёси, тафаккури ва инсоний қиёфаси унинг жанг қуроллари ҳисобланарди. Жангоҳ – унинг кўнгли, ботини. Қаршисида турган душман эса – жаҳолат, кин, адоват, ёвузлик, қолоқлик, дангасалик, қўйингки, инсон камолоти йўлидаги жамики иллатлар.

Инсон фитратида бир пайтнинг ўзида ҳам эзгулик, ҳам ёвузлик баробар яшайди. Улар гўё бир нарсанинг икки томонига ўхшайди. Адабиётнинг ибтидоси ҳам шунда: адабиёт – инсон кўнглига очилган дарча. Устоз бутун умр ана шу дарча олдидан кетмаган, кетолмаган изтироб қулларидан эди. У адабиётни “Оламга нисбатан олам яратиш” деб биларди. Назаримда, бу қараш инсоннинг яратувчилик ишқи билан боғлиқ. Тасаввуфда киши Оллоҳнинг сифатларини қайтариб бергандагина комилликка эришади, деган фикр бор. Яратиш банданинг иши эмас, балки Холиқники. Аммо яралмиш табиатан барибир ўз хожасига эргашади, унинг васфлари ила безанмоқчи бўлади. “Оламга нисбатан олам яратиш” ҳам, ажабмаски, қайсидир маънода Яратганга тақлид бўлса. Лекин бу оламнинг қуруқ нусхаси эмас, балки, устоз айтмоқчи, модели, оламнинг ўзи эмас, балки гўё худди ўзи. Устоз бадиий асар қаҳрамонларини ҳаёт, хаёлни эса реаллик деб қабул қилар ва ана шу воқелик кенгликларида, ўз қаҳрамонлари даврасида яшарди.

“Биз ҳали тухумни ёриб чиқмаганмиз. Биз ўз қобиғимиз ичидан чиқа олайлик” деган фикр ҳам устозга тегишли. Бу, аввало, умуман инсон ҳақида, унинг ўзлиги, ўз фожиасини англаши ва уни енгиб ўтиши зарурлиги ҳақида, қолаверса, миллат, жумладан, ўзбек миллати тўғрисида. Йўқса, у “Ўз нонимиздан бир бурдасини берганга қуллуқ қиладиган халқ вакили бўлишдан мен ор қиламан!” демасди. Биласизми, айнан мана шундай фикрларида у ҳақиқий жангчига айланарди. Тўғри-да, ҳар бир замоннинг ўз жанги, ўз жанг усуллари ва ўз жангчилари бўлади. Бугун дунёда ақллар жанги кетмоқда. Бу жангга совут кийиб, найза билан кириб бориш жангни у бошланмасдан олдиноқ бой бериш билан баробар. Қўлга қурол олмасдан масалани ўзаро фойдали ҳал қилиш – бугунги жанг талабларидан биридир. Шунинг учун ҳам устоз тафаккур дангасалигидан бот-бот гап очарди. “Бизнинг жисмимиз эмас, тафаккуримиз дангаса” дер ва ёшларни фикрлашга ундарди.

Ҳар қандай инсон эмас, балки изтироб чекаётган инсон гўзал. Чунки дард – покловчи неъмат. Азобланаркан, киши гуноҳ қилмайди, қилолмайди, аксинча, атрофни унутиб ўзи ҳақда жиддий ўйлай бошлайди. Бу – инсоннинг ўзлигини англаш сари ташлаган илк қутлуғ қадами. Бироқ дард енгиллашгани сари одамларнинг аксарияти ўзи томон ташланган одимларни бирин-сирин тортиб ола бошлайди. Янада ичкарилаш учун уларда кўпинча матонат етишмайди.

Шу маънода Тальат ака мен билган одамлар ичида энг матонатлиси эди, эҳтимол. Ахир, у бутун умр ўзи томон саёҳат қилди, бундан чарчамади, зерикмади. Шунинг учун ҳам устознинг ташқи дунё билан, унинг ашаддий мухлислари билан бўлган муносабати рисоладагидек эмасди. Ким билади дейсиз, ўзлик сари етаклаган куч устознинг ташқи оламдаги муваффақиятсизликлари билан боғлиқдир. Ҳар ҳолда, фоний дунёда ошиғи олчи бўлиб, чинакам дарднинг нималигини билмаган, руҳий зиддиятлар ичида яшамаган, қийналмаган кишидан инсон маънавиятига дахлдор бирон жўяли иш кутиш маҳол. Чунки моддият ва маънавият мисоли икки қутб. Инсон бирданига уларнинг ҳар иккиси томон йўнала олмайди. Бинобарин, яхши асар ёзмоқчи бўлган ёзувчи бу ўткинчи дунёнинг ўзи билан боғлиқ барча ташвишларидан узилмоғи шарт. Ҳеч қурса, асари битгунча. Зеро, башариятнинг сара фарзандлари моддий олам билан ҳамиша уруш ҳолида яшаганларининг сабаби ҳам, ажабмаски, шу ерда ўз изоҳини топар. Менингча, устознинг бахти ҳам, бошқалар наздидаги “бахтсизлиг”и ҳам уни ўзлиги, ўз олами томон бошлаган йўлда мужассам эди. Ҳа, Талъат аканинг бу дунёси худди ташлаб кетилган ҳовли каби ғариб ҳувилларди.

–Устоз, бахт ўзи нима? – дедим кунлардан бир кун талаба ёшимга ва қизиқишларимга мос равишда.

– Бахт, балки, ўткинчиликни тушунишдир, – деб жавоб берганди устоз.

Бу, маълум маънода, инсоннинг ўз қудратию ожизлигини белгилаб олиши, демак. Чунки ўз имконларидан келиб чиқиб орзу қилган одамгина беҳуда изтироблардан фориғ бўлғуси. Йўқса, нафснинг ўпқони тубсиз, киши чиқиб бўлмас даражада ичкарилаб кетиши турган гап. Ўткинчиликни тушуниш, яна қайғу ва шодликдан бир поғона баландда туриш ёки уларни гўё икки фарзанддек суюб бағирга босишдир. У – тинимсиз равишда қилинган тафаккур, кашфиёт, ўткинчиликни тушуниш – талабаларнинг ҳаяжондан нафаслари бўғзига тиқилиб берган саволларга жавобан устознинг бир бурда юзида зоҳир бўлган майин табассум. Ниҳоят, ўткинчиликни тушуниш – ўлмай туриб ўлиш, фано топиш...

Инсон – руҳият ва моддият ўзаро куч синайдиган майдон. Умр – олишиш учун белгиланган фурсат. Макону замон доирасида кечган улуғ муҳорабадан қолган эсдаликлар эса қисмат, хотира, тарих, адабиёт... Бу худди қишда ташқарининг совуғи-ю, ичкарининг иссиғи таъсирида дераза кўзларида пайдо бўлган ажойиб нақшга ўхшайди. Совуқ ва иссиқнинг кучи қанча шиддатли бўлса, нақш ҳам шунча жимжимадор, гўзал чиқади. Худди шундай, қайси бир инсонники, қалбида маънавий ва моддий кучлар беллашуви қанча кескин кечса, унинг кўнгли ва тафаккур олами ҳам шунча теранлашади. Агар ул зот ижодкор бўлса, асарлари фавқулодда мунаққаш чиқади. Талъат аканинг озғин, нозик ва ҳатто, айтиш мумкинки, пачоққина жуссасини, серажин чеҳрасини, ҳокисор табиатини, паст овозда айтилгувчи равон, салмоқли сўзлари қатидаги маъноларни унутиб бўлмайди...

Назаримда, устознинг бор-йўқ қувончи – ўзининг ноёб тафаккури ва қалби чиғириғидан ўтказиб тайёрлаган неъматларини мухлисларига инъом этиш эди. Шунинг учун ҳам у ҳар сафар сўзларкан, мулойим кўзлари тубидан отилиб чиққувчи улкан тафаккур учқунларини кўрардим. Эҳтимолки, бу учқунлар ҳозирги кунда тун ва ўрмон зулматгоҳида адашиб-қоқиниб юрган гумроҳ – шогирд-одамийзод қўлига олиши зарур бўлган халоскор машъаладан сачрагандир...

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи

5 489
ЎзА