ЎзА Ўзбек

01.10.2020 Чоп этиш версияси

Устоз дуоси

Устоз дуоси
Мактабларда бошланғич фан ўқитувчиларнинг ўрни алоҳида ҳисобланади. Сабаби улар мактабга илк қадам қўйган ёш ниҳолга ҳарф танитади. Илк ҳаётида бошланғич маънавий зина вазифасини ўтайди. Умарова Машрабхоннинг жуда кўпчилик зукко, талабчан, изланувчан, устоз сифатида яхши танийди. 1996 йилдан буён Яккасарой туманидаги 144-умумий ўрта таълим мактабда 24 йилдан бери ишлаб келмоқда. У ўзининг тиниб тинчимаслиги билан бошқа ўқитувчилардан ажралиб туради.

Умарова Машрабхон таълим сифатини юқори босқичга кўтариш, дарс сифатини ошириш, тажрибаларни ўрганиш ва тарғибот қилиш, иш тажрибаларни оммалаштириш, ўқувчиларни фанларга қизиқтириш, шунингдек иқтидорли ва изланувчан ўқувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг ижодий фаолликларини кучайтириш борасида мунтазам равишда иш олиб борган.

2010 йилда Умарова Машрабхон «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг Республика босқичида совринли 1-ўринни эгаллаган.

2010 йилда «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» нишони билан 2011 йилда «Шуҳрат» медали билан, 2020 йилда «Халқ таълими фидойиси» нишони билан мукофотланган. 2017 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўтказилган «Бошланғич таълим ва жисмоний маданият йўналишида сифат ва самарадорликни ошириш: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги Республика илмий-амалий анжуманида «Бошланғич таълимда инновацион ёндашув ва мультимедиа воситаларидан фойдаланиш» мавзусидаги тақдимоти иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. 2018 йил 6 декабрда Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган Халқаро илмий-амалий конференцияда «Бошланғич таълимда ўқитишнинг самарали шакл ва методлари» мавзусидаги илмий мақоласи билан иштирок этиб, диплом билан тақдирланди.

2019 йил январь ойида «Касбий фанлар методикаси» маънавий-маърифий, илмий-методик журналида «Нутқий компетенцияларни ривожлантириш» мавзусидаги илмий мақола чоп этилди.

2011 йилда Умарова Машрабхоннинг «Дарсда кўргазмали қуроллардан фойдаланиб ўқувчиларнинг оғзаки нутқини ривожлантириш» мавзусида, 2020 йилда «Илғор иш тажриба»си республикада оммалаштирилди.

Мустақиллик йилларидан сўнг таълим тизимига жадаллик билан татбиқ этилган ахборот коммуникация технологияларидан дарсларида самарали фойдаланади, ўзининг шахсий “mashrabxon.uz” веб сайтида таълим сифатини оширувчи методлар, энг сўнгги янгиликларни ҳамкасбларига тақдим этиб, ўзаро тажриба алмашиб келмоқда.

«Қизиқарли математика» ҳамда «Чиройли ёзув» тўгаракларига раҳбарлик қилади. Унга синфдаги барча ўқувчилар жалб этилган. Мазкур тўгаракларда фаол иштирок этган ўқувчилар турли танловларда совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Хусусан, «Ёш иқтидор эгалари»,«Йилнинг энг билимдон ўқувчиси» «Конституция-менинг тақдиримда» шиори остида ўтказилган кўрик-танловларнинг турли йўналишларида фахрли 1 ва 2 ўринларни эгаллаб, эндиликда юқори синфларда турли беллашув ва фан олимпиадаларида юқори натижаларни кўрсатиб келмоқда.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурининг 71-банди ижросини таъминлаш мақсадида фаолият кўрсатаётган муаллифлар гуруҳида фаолият юритиб, 1-, 2-, 3-, 4-синф «Она тили» дарсларида бошланғич синф ўқитувчилари учун илғор педагогик ва ахборот коммуникация технологияларини амалиётга жорий этиш бўйича 4 та методик қўлланма ва мультимедия иловалар яратган. Бошланғич таълимда ўқитиладиган фанларнинг давлат талаблари ва ўқув дастурларини оптималлаштириш, янги авлод дарсликларини яратиш ва тажрибадан ўтказиш бўйича доимий янги таклиф ва ғоялар билан Республика Таълим Маркази қошидаги Илмий методик кенгаши аъзоси сифатида фаол иштирок этади.

- Халқ таълими тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнатим билан жамоатчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлдим. Ютуқларимнинг замирида ота-онамнинг, қолаверса устозимнинг дуоси сабаб деб ўйлайман, - дейди Машробхон.

Умарова Машрабхон раҳбарлик қилаётган математик йўналишидаги синф ўқувчиларининг ўзлаштириши 95 фоизни ташкил этади.

Ушбу кўрсаткичлар инобатга олиниб, Умарова Машрабхон Тошкент шаҳридаги “British schcool” мактабида ҳам ўриндошлик асосида ўзбек тили фанидан бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериб келмоқда.

Ҳилола Иброҳимова,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази мутахассиси

5 077
ЎзА