ЎзА Ўзбек

15.03.2019 15:42 Чоп этиш версияси

"Устомон" фирибгар озодликдан маҳрум этилди

"Устомон" фирибгар озодликдан маҳрум этилди

Жамшид (исм-фамилиялар ўзгартирилган) хавфли рецидивист бўла туриб, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритган.

У 2016 йил февраль ойида ўзига аввалдан таниш бўлган Усмоннинг ишончини қозониш мақсадида бир неча марта пластик карточкасидаги маблағларини 10 фоиз устама ҳақи эвазига нақд пул қилиб берган. Бир куни у савдо ишларини юритиб олиш учун Усмондан қарзга пул бериб туришини сўрайди. Қарзни эса 2-3 ой ичида қайтаришга ишонтириб, 4.000.000 сўмни қўлга киритади.

Бундан ташқари, у Зафар исмли танишидан ҳам бир неча марта пул олиб, ўз вақтида қайтариб бериб, ишончини қозонади. 2016 йил 4 декабрь куни эса ундан савдо-сотиқ ишларини юритиш учун алдаб, 7.000.000 сўмни қўлга киритади.

Жамшид ўзининг жиноий ҳаракатларини яна давом эттириб, 2017 йил 27 февраль куни Санжар исмли фуқаронинг ишончига киради ва уни ҳам алдаб, пластик карточкасини олган. Ишончини сақлаш мақсадида пластик карточка орқали олган пулдан 3.500.000 сўмни қайтариб бериб, қолган 11.500.000 сўмни 10 кун ичида қайтаришини айтиб, алдаган.

Бундан ташқари, у 2017 йил 9 март куни таниши Авазнинг 18.305.200 сўм маблағини, 2017 йил 3 январь куни Ваҳоб исмли фуқаронинг 6.538.000 сўмини, 2017 йил 8 январь куни яна бир шахс – Эркиннинг 5.000.000 сўм маблағларини талон-торож қилган.

Жамшиднинг қилмиши натижасида жабрланувчиларга жами 48.743.000 сўм зарар моддий етказилган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида фирибгарлик йўли билан фуқароларни чув туширган мазкур шахсга суд ҳукми ўқилди.

Судланувчи ўз айбига қисман иқрорлик билдирган бўлса-да, унинг қилмиши дастлабки тергов ҳамда суд жараёнида текширилган далиллар билан ўз исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди Жамшиднинг қилмишига пушаймонлиги, оилали эканлиги ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, жабрланувчиларга етказилган 48.743.000 сўм моддий зарарни ундириш билан бирга, уни 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.

У.Самандаров, Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят суди масъул 
ходими 

ЎзА
1 964