Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.08.2018 18:40 Чоп этиш версияси

Усмонийлар мероси

Усмонийлар мероси Истанбулдаги ижтимоий ошхона 226 йилдан бери муҳтожларга беминнат хизмат қилиб келади

Туркиянинг энг йирик тижорат ва молиявий шаҳри Истанбулда Усмонийлар империяси давридан бери сақланиб келаётган ягона жамоат ошхонасида кунига 2 минг нафар қочоқ, кам таъминланган ва уйсиз одамлар бепул овқатлантирилади.

Шаҳарнинг Аюб туманидаги Михришоҳ Валида Султон номи билан аталадиган ошхонага 1792 йилда асос солинган бўлиб, мана 226 йилдирки, бева-бечоралар ва муҳтожларга ўз эшикларини очиб қўйган. Ушбу марказ шаҳарнинг тарихий ёдгорлиги сифатида расман тан олинган бўлиб, султон Мустафо III нинг рафиқаси Михришоҳ Валида Султоннинг фармойишига кўра қурилган. Туркияга сафаримизда бизга ҳамроҳлик қилган маҳаллий вакилнинг айтишича, таом ҳар куни эрталаб 10 дан тонги 4 гача тарқатилади. Буюртма асосида таомни уйга ҳам элтиб беришади. Айни шу ошхона деярли 300 нафарга яқин суриялик қочоқни ҳам кундалик егулик билан таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олган.

Маҳаллий аҳолининг қурбонлик гўштидан эҳсон қилиши марказ ишини осонлаштиради. Бепул ошхона хизматидан фойдаланмоқчи бўлганлар ариза билан мурожаат қилишлари керак бўлади. Текширувдан кейин улар хайрия ёрдамини олувчилар рўйхатига тиркалиши мумкин. Муҳтожлар кўпинча ошхонага ўз идишлари билан келиб, егуликни уйларига олиб кетишади, истаса, шу жойнинг ўзида ўтириб овқатланиш ҳам мумкин. 

photo5188459234352802134.jpg

Тан олиш керак, мамлакат Усмонийлар бошқаруви даврида хайрия муассасалари сони кўп бўлган, уларнинг бари давлатнинг ижтимоий сиёсатида муҳим ўрин тутган. Бепул емакхоналарни одатда давлат арбоблари, вазир ва султонлар очишган.

Салжуқийлар ва Усмонийлар даврида бундай ошхоналар бева-бечоралар, мусофирлар ва талабаларни боққан. Уларнинг айримларида тунашнинг ҳам имкони бўлган.

Айрим маълумотларда айтилишича, Истанбулдаги жамоат ошхоналари мижозлари сони XVIII аср охирига бориб 30 минг кишига етган. Бундай йирик хайрия емакхоналари Айё София, Боязит, Фотиҳ, Сулаймония, Нуруусмония, Лалили, Аюб ва Ускюдар масжидлари ҳузурида ҳам фаолият кўрсатган. Ҳозирга келиб Аюбдаги марказдан бошқалари аллақачон ёпилиб кетган.

Мана шундай ошхоналардан яна бир намуналиси султон Сулаймоннинг рафиқаси Хуррам Султон буйруғига кўра Қуддуси Шарифда очилган марказ ҳисобланади.

Ошхоналардан ташқари кўп йиллар мобайнида жамиятга қашшоқларга мўжалланган бошпаналар савоб келтирган. Масалан, Истанбулнинг Оқмайдон мавзесида бир боғнинг ичида бир вақтнинг ўзида масжид, синагог ва черков ишлаган. 1895 йилда қурилган бу бошпана ҳомийлик ва эҳсон ҳисобига фаолият олиб борган. Масжид, синагог ва черков ёнма-ён жойлашган масканни мен яқинда Нью-Йоркда кўрдим. Ибодатхоналар атрофида жойлашган кўп қаватли уйда яшовчи аҳолининг фарзандлари худди бир ота-онанинг фарзандларидек ўйнаб юришгани диний бағрикенгликнинг далолатидир.

Айни пайтда АҚШда ижтимоий ошхона марказлари фаолият кўрсатаётганини таъкидлаш жоиз. Бундай масканлар АҚШнинг ҳар бир штати ва ҳар бир аҳоли масканларида фаолият кўрсатади. 2009 йили бир гуруҳ журналистлар ижтимоий ҳимоя марказларида бошпанасиз ва қашшоқ фуқароларга хизмат кўрсатган эдик. Бепул таом суюқ шўрва ёки қаттиқ нон эмас, балки одатий емакхонада бериладиган таомлардан иборат. Биринчи ва иккинчи таом, салат ва мевалар аралашмаси. Шубҳасиз, ижтимоий марказларга ёрдам кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари солиқ имтиёзларига эга. Биз ҳам бағрикенг, саховатпеша халқмиз. Кўпинча, "Ош" деб атайдиган ақиқа, эҳсон, бешик, никоҳ каби ажойиб маросимларимиз бор. Ушбу маросимларга кўпроқ бева-бечораларни, етим есир ва ночорларни таклиф қилсак, саховатимиз ва савобимиз янада зиёда бўлади.

Абдували Сойибназаров

5 614