ЎзА Ўзбек

08.09.2019 Чоп этиш версияси

Ҳушёрлик – тинч ва осойишта ҳаётимизнинг калитидир

Ҳушёрлик – тинч ва осойишта ҳаётимизнинг калитидир

Сирдарё туманидаги “Бахт пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида Сирдарё вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимидаги ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда ўқув-тактик машғулотлар ўтказилди.

“Ўт балонгдан асра!”, деб доно халқимиз бежизга айтилмаган. Инсоният тарихида энг буюк кашфиётлардан бири саналган олов, оддий эътиборсизлигимиз, бефарқлигимиз ва ёки масъулиятсизлигимиз туфайли тилсиз ёвга айланиши ҳеч гап эмас. Ёнғин – чек-чегара билмайди. Унинг оқибатида мисқоллаб йиғилган мол-мулк, пешона тери эвазига жамғарилган мўл-кўл ҳосил бир зумда ёниб кулга айланиши ҳеч гап эмас. Бундан-да ачинарлиси эса инсон умрига зомин бўлиши, қанчадан-қанча одамларга тан жароҳат етказишидир.

photo_2019-09-08_12-04-45.jpg

– Республикамизнинг барча ҳудудларидаги каби Сирдарё вилоятида ҳам жорий йилги пахта ҳосилини йиғим-теримига киришилди, – дейди вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи подполковник Ғулом Муҳамедов. – Бу йилги йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан беталофат ва ёнғинларсиз ўтказиш, пахта қабул қилиш корхоналарида содир бўлиши эҳтимоли бўлган ёнғинларни олдини олиш мақсадида – вилоят миқёсида кўргазмали ўқув-тактик машғулотлар ўтказдик.

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – корхона ишчи хизматчилари ва шахсий таркибнинг жанговар шайлигини ошириш, содир бўлиш эҳтимоли бўлган ёнғинларни олдини олиш, ёнғин содир бўлган тақдирда, уни қисқа фурсатларда самарали бартараф этиш ва бундай фавқулодда ҳолатда тўғри ҳаракатланишни англаш, уқиб, ўрганиб олишдан иборат.

photo_2019-09-08_12-04-58.jpg

Шунингдек, ушбу тактик-машғулотлар давомда корхонада шартли ёнғин содир этилиб, фавқулодда ҳолат юз берганда ҳар бир мутасадди ходимнинг хатти ҳаракатлари, ким бундай ҳолатда нима қилиши, нималар эътибор бериши, қандай ҳаракатланиши, ёнғин ўчоғини зудлик билан бартараф этиш, ёнғин ҳудудида қолган ишчиларни қутқариш каби тезкор операциялар амалга оширилди.

Бундан ташқари, корхона ишчи-хизматчиларга келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида атрофлича тушунча ва тавсиялар берилиб, амалий тарзда уларнинг ижроси мутахассислар томонидан кўрсатилиб, корхоналар ишчи-хизматчиларида ҳам синаб кўрилди.

photo_2019-09-08_12-04-50.jpg

– Ушбу тадбиримизнинг иккинчи ярмида вилоят ва Сирдарё тумани ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва бўлими ходимлари ҳамда бошқа иштирокчилар билан биргаликда аҳоли яшаш хонадонларида бўлдик, – дейди вилоят ЁХБ матбуот хизмати бошлиғи лейтенант Беҳзод Ҳамраев. – Фуқароларимиз хонадонларини ўрганиш жараёнида куз-қиш мавсумида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, носоз электр жиҳозларидан, қўлбола иситиш газ ва электр печларидан фойдаланмаслик, электр асбобларини ўчирмай қаровсиз, айниқса, ёш болаларни уларнинг олдида ва умуман, назоратсиз қолдирмаслик, электр тармоғига юқори қувватли бир нечта электр асбобларини уламаслик, бундай вазиятда тармоққа оғирлик қилиб ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкинлиги, қўлбола сақлагичлардан фойдаланиш оқибатида ёнғин чиқиши муқаррарлиги ҳамда ис газидан заҳарланишдан сақланишда хавфсизлик талабларига қатъиян риоя этиш каби ҳолатлар атрофлича тушунтирилди, тавсия ва маслаҳатлар бердик.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳушёрлик – тинч ва осойишта ҳаётимизнинг калитидир. Зеро ёнғинларсиз ҳаёт – умримиз давомийлиги, саломатлигимиз, мол-мулкимиз, давлатимиз иқтисодиёти, пешона тери эвазига йиғилган ҳосил хавфсизлиги гаровидир.

photo_2019-09-08_12-05-07.jpg

photo_2019-09-08_12-05-14.jpg

4 746
А.ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири