ЎзА Ўзбек

15.08.2018 19:25 Чоп этиш версияси

Ушбу тадбир МДҲ мамлакатларининг соҳадаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга

Ушбу тадбир МДҲ мамлакатларининг соҳадаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга
Пойтахтимизда Геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш бўйича давлатлараро кенгашининг 40-сессияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон, Россия, Молдова, Озарбойжон, Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон давлатлари вакиллари иштирок этган сессияда МДҲ мамлакатларининг геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш бўйича давлат органлари томонидан амалга оширилган ишлари ва келгуси режалар, ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари сарҳисоб қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Б.Тожиев, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Абдуллаев, МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари А.Смагулов ва бошқалар соҳада истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳамда салоҳиятли кадрлар тайёрлаш бугуннинг муҳим талаби эканини қайд этди.

Геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш бўйича давлатлараро кенгаши МДҲ иштирокчи давлатларининг 1992 йил 9 октябрда Бишкек шаҳрида ўтказилган йиғилишда имзоланган геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ташкил этилган.

– Ўзбекистон 1992 йилдан буён мазкур давлатлараро кенгаш аъзоси ҳисобланади, – деди Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Ихтиёр Эргашев. – Бугунги сессияда кўриб чиқилаётган масалалар биз учун муҳим ва унда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон давлатлари ўртасида геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш соҳасида ҳамкорлик келишувлари тайёрланмоқда.

Таъкидланганидек, бугунги кунда МДҲ давлатларида ердан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, соҳада муносабатларни комплекс тартибга солиш муҳим масалага айланмоқда. Бунда, аввало, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, геодезия ва картография фаолияти самарадорлигини кучайтириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, ҳудудларни аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картография, тупроқшунослик, геоботаникага оид ва бошқа изланишлар ҳамда тадқиқотлар, Ерни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотларни амалга ошириш зарурдир.

– Бугунги сессияда МДҲ мамлакатларининг геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш соҳасида йигирма олти йил мобайнида бажарилган ишлар ҳақида маълумотлар беришга имкон яратилди, – деди Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, Давлат рўйхатга олиш, кадастр ва картография федерал хизмати раҳбари Виктория Абрамченко. – Сессия ишида бир қатор вазифалар қаторида кадрлар тайёрлаш ва илмий ишлар масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ўйлайманки, ушбу тадбир МДҲ мамлакатларининг соҳадаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, тизимли равишда кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишни таъминлаш масалалари бўйича фикрлар билдирилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 925