Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.06.2018 13:07 Чоп этиш версияси

USAID вакиллари Бухорода

Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт Агентлиги (USAID)нинг Марказий Осиё бўйича администратори ёрдамчиси ўринбосари бошчилигидаги делегацияси аъзолари Бухорода бўлди.

Вилоят ҳокими Ў.Барноев меҳмонларга ижтимоий-иқтисодий соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида батафсил маълумот берди. Меҳмонларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар вилоятда Халқаро ривожланиш агентлиги шериклигида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

USAID мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик доирасида Бухоро вилояти сил касалликлари диспансерида касаллик диагностикаси ва уни даволаш юқори самарадорлигига эришишга қаратилган тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Чунончи, шифохонанинг бактериологик лабораторияси силнинг турғун шаклларини эрта аниқлаш ва бартараф этишда қўл келадиган замонавий аппарат билан жиҳозланди. Шунингдек, диспансерда жорий йил апрель ойида инновацион масофавий ўқитиш ва мониторинг маркази очилди. Мазкур масканда беморларни даволаш жараёнлари ҳамда соҳага оид янгиликларни татбиқ этиш ишлари олиб борилаётир. Умуман, USAID кўмагида кейинги тўрт йилда вилоят туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган 400 нафардан зиёд фтизиатр, умумий амалиёт тизими мутахассислари малакаси оширилди.

Хорижлик меҳмонлар фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судида бўлиб, “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган ва жорий этилган”E-SUD” ахборот тизими фаолиятини ўрганди. Улар келиб тушган ишни рўйхатдан ўтказишдан тортиб, QR-коди орқали ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин бўлган суд қарорининг қабул қилинишини ўз ичига олган жараёнларни кузатиш, фуқароларга кўрсатилаётган интерфаол хизматлар билан танишди.

USAID дастурида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Меҳмонларга Бухоро шаҳридаги “Левадия Бухоро” масъулияти чекланган жамиятида қандли диабет касаллигини олдини олиш ва уни даволашда яхши самара берадиган топинамбур ўсимлигидан биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш борасида олиб борилаётган изланишлар катта қизиқиш уйғотди. 

Эркин Ёдгоров, ЎзА
5 028