ЎзА Ўзбек

26.07.2018 20:29 Чоп этиш версияси

USAID делегацияси Қашқадарёда

USAID делегацияси Қашқадарёда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) делегацияси Қашқадарё вилоятида E-SUD тизими воситасида фуқароларга яратилган интерфаол хизматлар билан танишди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича офиси директори Кюнг Шин Чо бошчилигидаги делегация фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судида бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва одамларда судга ишончни мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишди.

Хорижлик меҳмонлар лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимининг ишлаш тартиби, босқичлари, судга электрон шаклда келиб тушган аризани рўйхатдан ўтказишдан QR-код дастури орқали чиқарилган суд қарори ҳақиқийлигини текширишгача бўлган жараённи бевосита кузатиш имкониятига эга бўлди.

5.jpg

– АҚШ Халкаро тараққиёт агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва БМТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик судлар фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлиги ошишига олиб келгани қувонарлидир, –деди Кюнг Шин Чо. – Фуқаролар учун судга мурожаат қилишда янада қулайликлар яратилмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судларига электрон шаклдаги 35 минг 248 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 22 минг 511 таси суд буйруғи бериш тўғрисида, 12 минг 737 таси эса даъво тартибида ҳал қилинадиган аризалардир. Тоифасига кўра тақсимлаганда, энг кўп мурожаатлар ажралиш (23,63 фоиз), ҳужжатларнинг шахсга тегишлилик фактини белгилаш (12,01 фоиз), юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлашга оид (9,36 фоиз) ва оила муносабатлари билан боғлиқ бошқа ишлардан (8,47 фоиз) иборат.

3 (1).jpg

– Шаҳрисабз туманлараро суди E-SUD тизими жорий қилиниши натижасида ўз фаолияти самарадорлигини ошириш ва фуқаролар учун янги қулайликлар яратишга эришди, – деди Шаҳрисабз туманидаги “Kesh inspect” адвокатлик фирмаси адвокати Севара Мўминова. – Жумладан, судга мурожаат қилишга кетадиган вақт сезиларли даражада қисқарди. Энди узоқ масофани босиб ўтиш ёки навбат кутишга ҳожат йўқ. Компьютерда бир неча буйруқ ва топшириқни амалга оширишнинг ўзи кифоя. Қоғозбозлик ҳам йўқ бўлди. Суд ходимлари бу тизимга жуда қулай ва тезкор, деб таъриф бериши бежиз эмас. Эндиликда бирор даъво аризаси ё суд буйруғини излаб топиш учун тартиб рақами ёки мурожаат қилувчининг маълумотларини киритиш етарли. Изланаётган ҳужжат автоматик равишда экранда пайдо бўлади.

Ташриф давомида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида тайёрланган амалий қўлланма ва рисолалар тақдимоти ўтказилди. Меҳмонлар ҳуқуқий адабиётлар халқ қабулхоналари, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталари орқали бепул тарқатилаётганини юқори баҳолади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
5 440