Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2017 21:22 Чоп этиш версияси

Қурувчилар байрами нишонланди

Қурувчилар байрами нишонланди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2017 йилдан бошлаб август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни”, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан пойтахтимизда тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирга уста бинокорлар, меъмор ва лойиҳачилар, пудратчи ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, соҳа илғорлари таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ўқиб эшиттирди.

Қурилиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар самарасида бугун қурилиш индустрияси миллий иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошиб боришини таъминлашда муҳим тармоқлардан бирига айлангани қайд этилди. Пудрат ташкилотлари сони қарийб 24 мингга етгани, 31 бош лойиҳа институти ва мингга яқин лойиҳа ташкилотлари фаолият кўрсатаётгани, уч архитектура ва қурилиш институти билан бир қаторда 12 олий таълим муассасаси ҳамда 390 касб-ҳунар коллежида соҳа учун мутахассислар тайёрланаётгани қурилиш саноатининг изчил тараққиётида муҳим омил бўлаётир.

Бунёдкорлик бизга аждодлардан мерос. Амир Темур бобомизнинг “Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” деган пурмаъно жумласи замирида ҳам ана шу ҳақиқат ўз аксини топган. Истиқлол йилларида азим пойтахтимиздан тортиб энг чекка қишлоқларнинг қиёфасини тамоман ўзгартирган бино ва иншоотлар бинокорлик борасидаги миллий анъаналаримиз давом этаётгани, соҳага замонавий билим ва тажрибалар кенг татбиқ этилаётганидан далолат беради.

16 (1).JPG 

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори архитектура ва қурилиш фаолиятини диверсификациялашда ҳаракат дастурига айланди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида ягона давлат ва илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш жараёнидаги ролини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

Бинокорларимиз юртимизда аҳолини арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларда ҳам жонбозлик кўрсатмоқда. Президентимизнинг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ҳамда “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий уй-жойлар қад ростламоқда. Пойтахтимизнинг Сергели туманида жорий йил охирига қадар қуриб битказилиши режалаштирилаётган 102 кўпқаватли уй 4 мингдан зиёд оиланинг ўз шахсий хонадонига эга бўлишига имкон яратса, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича 15 минг арзон уй-жой барпо этилади.

Соҳа фидойиларининг тинимсиз меҳнати ва изланишлари самарасида сўнгги йилларда пойтахтимизда қад ростлаган “Бунёдкор” стадиони, “Хаятт Риженси” меҳмонхонаси, Инҳа университети филиали, “Минор” масжиди, Фарғона шаҳридаги санъат саройи ва футбол стадиони, Жиззах шаҳридаги стадион ва универсал спорт комплекси, Урганч шаҳридаги универсал спорт комплекси ва Навоий давлат кончилик институти бино-иншоотлари бугун нафақат қурувчи-бунёдкорларимиз, балки ҳар бир юртдошимизда фахр ва ғурур ҳиссини уйғотаётгани айни ҳақиқат.

Тадбирда Президентимизнинг шу йил 10 августдаги “Мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бир гуруҳ соҳа вакиллари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.

– Мустақиллик йилларида мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланди, – дейди “Агроквант” корхонаси директори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Бахтиёр Аҳмедов. – Сўнгги йилларда бунёд этилган йирик саноат ва транспорт коммуникацияси объектлари дейсизми, аҳоли учун қулай, шинам ва, энг асосийси, арзон уй-жойлар дейсизми – буларнинг барчаси юртимизда қурилиш саноатини изчил ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маҳсулидир. Давлатимиз раҳбари томонидан биз – қурувчиларнинг меҳнати юксак баҳоланиб, қурилиш соҳаси ходимлари кунининг расман белгилаб қўйилиши Ватанимиз равнақи йўлида янада кўпроқ ишлаш ва изланишга рағбатлантиради.

Тадбирда таниқли санъаткорлар ижросида концерт намойиш этилди.

Беҳзод Бозоров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
3 449






Все о погоде - Pogoda.uz