ЎзА Ўзбек

18.04.2018 19:44 Чоп этиш версияси

Уруш номинг ўчсин жаҳонда

Уруш номинг ўчсин жаҳонда

Қуёш, Плутон, Уран, Нептун, Венера, Юпитер, Марс, Сатурн… Бу сайёраларда ҳаёт йўқ. Ва ниҳоят мўъжазгина… мовий Ер… Мана шу, кўриниши “Қуванинг анори”га ўхшаш, бағрида океанлар тўлқини, музликлар, қумбўронлари, ўрмону экинзорлар, завод-фабрикалар мавжуд бўлмиш сайёрамизда биз инсонлар яшаймиз. Ер – коинот деб аталмиш фазода ҳаёт қайнайдиган ягона “юлдуздир”. Бу юлдузнинг хўжайини бўлмиш инсон нималар қилмоқда? Ҳар йил, ҳар ой, ҳар ҳафта, ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқа, ҳар сонияда Ер юзида зўравонлик юз бермоқда. Ўз ота-онаси, ака-укаси, опа-сингилларига милтиқ ўқталаётган манқуртларнинг борлигидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Инсоният Марсни уйғотиш мақсадида илм-фан ютуқларидан фойдаланаётган бир вақтда, ерда қон тўкиши нечоғлиқ мақсадга мувоффиқ?

Бугун Ер шарининг турли бурчакларида кузатилаётган қирғин-барот, қуролли тўқнашувларни кузатар экансиз, тинчлик замонамизнинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолаётганини англаймиз. Она сайёрамизни урушлардан, зўравонликлардан, жиноятлардан холи қилиш ҳар бир фуқаронинг олдида турган ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши керак.

Замонавий урушлар хавфли бўлиб, улар Ер юзидаги барча инсонларга таҳдид кўрсатади. Бу урушда ҳеч ким ғолиб бўлмайди.

Урушнинг асосий душмани хотирадир. Қадимгилар айтганидек, ўтмишдаги урушлардан хулоса чиқарилмас экан, янги урушлар бошланади. Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Мана шу ҳаётни куч билан тортиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бироқ…

Бироқ, жаҳоннинг турли минтақа ва ҳудудларида қарама-қаршилик ва зиддиятлар, қонли можаролар, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда, фашизм деган бало яна бош кўтармоқда, миллатчилик, шовинизм сингари офатлар майдонга чиқмоқда.

1945 йилнинг 2 сентябрида инсоният тарихида энг даҳшатли дея тан олинган уруш ниҳоясига етган эди. Шундан кейин жаҳонда тинчлик даври бошланганига ҳамма умид қилган эди. Ўтган асрнинг 70 йилларида, эндиликда катта давлатлар ўртасида уруш ҳеч қачон юз бермаслиги хақида баралла айтила бошланди. Бироқ ХХ аср охири, XXI бошларидаги ўзаро низолар катта урушлардан кам эмаслигини кўрсатмоқда.

Урушларда ким ғалаба қозониб, ким мағлуб бўлишидан қатьий назар ўзаро низолашаётган томонлар учун инсоний, сиёсий ва иқтисодий йўқотишлар бўлиши аниқ. Масалан, Иккинчи жаҳон урушида ўша вақтда Ер юзи аҳолисининг уч фоизини ташкил қилувчи 60 миллионга яқин киши ҳалок бўлди. Бир қатор Европа мамлакатлари, ўз аҳолисининг 10 фоизидан айрилди. Ғолиб мамлакатлар ҳам катта инсоний йўқотишларга дучор бўлди. Урушнинг энг катта йўқотиши бу жамиятдаги қадриятларнинг ўзгаришида намоён бўлади. Биринчи жаҳон урушидан кейин Европада “йўқотилган авлод” пайдо бўлган бўлса, Иккинчи жаҳон уруши ҳам Хирасима ва Нагасаки тимсолида инсоният тарихида «қора из» қолдирди. Аввалари урушлар вайронагарчиликларга сабаб бўлар эди. Энди эса вайронагарчиликлар чегара билмаяпти. Масалан, террорчиларнинг қароргоҳларига берилаётган ҳаво зарбалари тинч аҳолига зиён етказмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ядровий зарбалар қўшни шаҳарларга ҳам шамол орқали заҳарли ҳавони етказаётгани айтилмоқда.

Бугунги урушлар нафақат жиноий нуқтаи назардан, балки аҳлоқий жиҳатдан ҳам жирканч тусга кириб бораётгани ойдинлашмоқда. Умуман олганда 21 асрнинг 18 йили мабойнида худудий, миллатлараро, сиёсий, ғоявий ва диний йўналишларда, шунингдек гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда нефть-газ конлари устидан назорат ўрнатиш мақсадида 60 тадан ортиқ ҳарбий мажоро кузатилган. Шу давр мобайнида бир ярим миллион киши урушлар қурбонига айланди. Энг кўп тўқнашув 2004 йилда қайд қилинган. Ўша йили жаҳонда 12 та қуролли тўқнашув қайд қилинибди. 2001 йилнинг 11 сентябридан кейин бошланган “терроризмга қарши уруш” қурбонлари ҳам ортиб бораётганидан асло кўз юмиб бўлмайди.

Жаҳонда давом этаётган қуролли тўқнашувлар нафақат уруш давом этаётган мамлакатлар, балки бутун дунё халқларининг ташвишига сабаб бўлмоқда. Эски мажоролар тўхтамай туриб янгилари пайдо бўлмоқда. ХХ аср урушлари глобал миқёсдаги қуролли тўқнашув бўлган эди. Бу урушларда барча йирик давлатлар қатнашган. Бугунги кунда бирор бир давлатни тўлалигича хавфсизлиги таъминланган деб бўлмай қолди. XXI асрдаги урушлар ва қуролли мажороларнинг бош сабаби ўзаро қарамма-қаршиликлар экани айтилади.

XXI асрда йирик урушлардан кўра, кўпроқ миллатлараро тўқнашувлар кузатилмоқда. Экспертларнинг фикрича, Африка мамлакатларида ҳам миллатлараро, ирқлароро мажороларнинг давом этиши ҳам глабал дунёнинг глобал муаммоларидан хисобланади. Экстремистларнинг фаолашиб қолаётгани ҳам хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Ёшлигимизда катталар «Инсон номи мағрур жаранглайди», деган сўзни кўп ишлатишарди. Бунинг учун инсоннинг ўзи мағрур яшаши керак. Мағрур яшаш учун эса урушларга йўл қўймаслик, оналар ўз фарзандларини урушга эмас, тинч меҳнатга кузатишлари лозим. 21 аср – уруш ва зўравонликлардан холи аср бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир инсон бузғунчилик билан эмас, балки бунёдкорлик билан шуғулланиши керак. Биз ер шари деб аталмиш катта оилада тинчлик-хотиржамликда яшашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, хар қандай урушларга қарши чиқишимиз керак.

Инсон хотираси билан азиз саналади, миллат хотираси ва тарихи билан улуғланади. 9 май «Хотира ва қадрлаш куни» халқимиз, ундаги катта-кичик, ёшу қари, жамиятимизнинг барча аъзолари томонидан инсонни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш каби фазилатларни улуғлайдиган, ўтганлар руҳини шод этиб, Ватан тинчлиги йўлида фидоийлик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонларни қадрлаб, ўз миннатдорчилигимизни изҳор этадиган кун сифатида ҳар йили қизғин нишонланиб келинмоқда.

Хотира деганда, барчамиз қон-қонимиз, суяк-суягимизга сингиб кетган муқаддас туйғуни тушунамиз. Чиндан ҳам, ўтганларни хотирлаш, уларнинг руҳини ёд этиш халқимиз учун асрлар давомида эзгу анъана, эзгу одатга айланиб қолган. Инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини, азиз авлиёларни хотирлар экан, халқ ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан ҳис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.

Маълумки, урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган. Шундан 1,5 миллионга яқин одам урушда қатнашган. Ўша вақтда юртимиз аҳолисининг ярмини болалар ва кексалар ташкил этган. Бу шуни кўрсатадики, қурол кўтаришга қодир бўлган юртдошларимизнинг тахминан 70-80 фоизи бу бешафқат урушда бевосита иштирок этган. Шу маънода, ушбу санани нишонлар эканмиз, бу куннинг юртимизда “Хотира ва Қадрлаш куни” деб эълон қилинганлиги нақадар чуқур ўйланганини, унинг теран маъно ҳамда мазмунга эга эканини ҳаётнинг ўзи бот-бот тасдиқламоқда. Хотира, хотирлаш ҳақида гапирар эканмиз, бу тушунчани қадрлаш тушунчасидан ажратиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, бу ёруғ кунларга нима ҳисобидан эришганимизни, бу йўлда қандай оғир курашлар, азоб-уқубат ва йўқотишлар бўлганини, қанчадан-қанча одамлар уруш майдонларида азиз жонини қурбон қилганини англамасак, тушунмасак, бугунги кунимизни, мусаффо осмонимизни, тинч ва осуда ҳаётимизни англаш, унинг қадрига етиш қийин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармон ва “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан танишар эканман, хаёлимдан юқоридаги фикрлар ўтди. Президентимиз қарорида таъкидланганидек, “Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир. Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган, «Сен етим эмассан» деб ўз бағрига олгани халқимизнинг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди.

Пайғамбаримиз: «Дунёдан ўтиб кетганларнинг фақат яхши сифатларини ёд этинглар. Ёмон сифатларидан тилларингизни тийинглар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти)деб марҳамат қилганлар. Зеро, ўтганларни эслаш ва улар ҳақига истиғфор айтиш, қабрларини одоб билан зиёрат қилиш, уларни обод этиш, шу билан бирга, ўзимизнинг ўтиб кетган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш бизнинг бурчимиздир.

Дунёнинг кўпгина минтақаларидаги қарама-қаршилик, қуролли тўқнашувлар, қонли фожиалар, ён-атрофимиздаги нотинч аҳвол, аввало, Афғонистонда давом этаётган таҳликали вазият Ватанимизни ҳар қандай бало-қазолардан асраш учун доимо сезгир ва огоҳ бўлиб яшашимизни талаб қилади. «Қўшнинг тинч — сен тинч», деган ҳикматни эслайлик. Ва айнан шу мамлакат мисолида уруш, зўравонлик ҳеч бир мамлакатга эзгулик олиб келмаслигини, аксинча, ёвузлик яна бир карра ёвузлик яратишини англадим. Шукурки, тинчлик-осойишталик барқарор, жаннатмонанд юртда яшамоқдамиз. Шундай экан, бундай фаровонликнинг, тўкин-сочинликнинг, хотиржамликнинг қадрига етайлик.

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
8 209