Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 15:00 Чоп этиш версияси

Уруш фахрийларига Президент совғалари топширилди

Уруш фахрийларига Президент совғалари топширилди Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Сирдарё вилоятида ҳам уруш фахрийларига Президентимиз номидан пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ҳарбийлар ҳамроҳлигида уруш фахрийлари хонадонларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Президентимизнинг бир марта бериладиган 5 миллион сўмлик пул мукофоти, тилла суви юритилган қўл соати, вилоят ҳокими ва ҳомийларнинг қимматбаҳо совға-саломлари топширилди.

6.JPG

12.JPG

– Афсуски, уруш фахрийларининг сафи йилдан-йил камайиб бормоқда, – дейди “Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Ў.Абдиев. – Бугунги кунда вилоятимизда 18 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Улар доимий эътиборда. Фахрийларнинг уйлари тўлиқ таъмирланди. Томорқасига ишлов берилиб, турли кўчатлар ўтқазилди, гул ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экилди.

Гулистон тумани "Мустақиллик" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 97 ёшли Бойназар бобо Холиқов урушнинг бошидан охиригача қатнашган. Беларусь, Украина, Польша давлатларини, Калининградни озод қилиш, Берлинни забт этишда иштирок этган. Урушдан сўнг отахон узоқ йиллар пахтачилик бригадасига бошчилик қилди. Мустақиллик йилларида, кекса бўлишига қарамай, фермер бўлди. Айни пайтда отахон фарзандлари ардоғида яшамоқда.

– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Бойназар бобо. – Президентимизнинг биз, уруш қатнашчиларига кўрсатаётган ғамхўрлиги умримизга умр қўшмоқда. Илоҳим, уруш ҳеч қачон қайтмасин, биз кўрган кунларни бошқа ҳеч ким кўрмасин. Юртимиздаги тинчликка, халқимиз фаровонлигига кўз тегмасин.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
9 077