Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 19:46 Чоп этиш версияси

Уруш фахрийларидан миннатдор авлодлар

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгашида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди. Унда ёшлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун жасорат ва фидойилик кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига миннатдорлик изҳор этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари М.Умаров ва бошқалар Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, турли совға-саломлар топширилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Ҳакимов ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси раисининг ўринбосари Ш.Усмонов фашизм устидан ғалаба қозонишда юртдошларимиз ҳам катта ҳисса қўшганини қайд этди. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган юртдошларимиз ҳақида 32 жилддан иборат Хотира китоби нашр этилди. Ғалабанинг 60 йиллиги муносабати билан китоб яна икки жилдга кўпайди.

“Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент бирлашган техника мактаби ўқувчилари ҳарбий разведкачи Ханиф Шодмонов, жанговар орденлар соҳиби Александр Величко ва бошқа фахрийларнинг уруш ҳақидаги ҳикояларини диққат билан тинглади. Улар ёшларни бугунги дориломон кунлар қадрига етиш, тинч ва осойишта ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга чақирди.

– Сизлар бизнинг бугун тинч ҳаёт кечиришимиз учун жанг қилгансиз, – деди Юнусобод туманида яшовчи Жамолиддин Бобоев. – Бугунги фаровон турмушимиз ва мусаффо осмонимиз учун сиздан миннатдормиз. Сизларга муносиб авлод бўлиш ва мустақиллигимизни асраб-авайлашга ваъда берамиз.

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгашининг эсдалик совғалари топширилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов ижросидаги ҳарбий қўшиқлар тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Аблай Камолов, ЎзА
3 212






Все о погоде - Pogoda.uz