ЎзА Ўзбек

02.05.2018 08:10 Чоп этиш версияси

Уруш қатнашчилари моддий рағбатлантирилмоқда

Уруш қатнашчилари моддий рағбатлантирилмоқда
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига коммунал хизматлар тўловини амалга ошириш учун бир миллион сўмдан пул маблағи тақдим қилди. 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас!” шиори остидаги байрам тадбирлари нафақат пойтахтимизда, балки республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда. 

Ана шундай тадбирлардан бири Наманган ва Андижон вилоятларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов бошчилигидаги фаоллар Наманган вилоятига ташрифи доирасида Янгиқўрғон тумани “Салмон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Топил ота Мадраҳимовнинг хонадонига ташриф буюрдилар. Нуроний отахоннинг ҳолидан хабар олиниб, у билан дилдан суҳбатлашилди. Федерация томонидан Топил отага коммунал хизматлар тўловини амалга ошириш учун бир миллион сўм миқдорида пул маблағи ва байрам совғалари тақдим этилди.

03.jpg

Федерация аъзолари Андижон вилояти Асака тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мўйдинжон ота Юсупов ва Олтинкўл тумани “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хўжамберди ота Турғуновнинг хонадонларига ҳам ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олди.

Федерация маблағлари ҳисобидан уруш қатнашчиларининг ҳар бирига коммунал хизматлар тўловини амалга ошириш учун бир миллион сўм миқдорида пул маблағлари ажратилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
21 479