Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2017 12:32 Чоп этиш версияси

Ғурур ва ифтихоримиз манбаи

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ҳар йили катта ғурур ва ифтихор билан нишонлаб келинмоқда.

Бу йил эса барча ҳуқуқларимиз кафолати бўлган Бош қомусимизнинг 25 йиллигини катта кўтаринкилик билан нишонлашга ҳозирлик кўрилмоқда. Конституциямиз жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилиши бизга янада ғурур бағишлайди.

Конституциямизда миллийлик, умуминсонийлик принциплари, дини, ирқи, жинси, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган маърузасида қайд этган қуйидаги эътирофини эслаш жоиз: “1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистонимиз Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди. Конституциянинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби, улуғ Йўлбошчимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизмати беқиёс эканлигини барчамиз яхши биламиз".

Бугунги кунда юртимизда рўй бераётган барча янгиланиш ва бунёдкорликлар, янги сифат босқичларига кўтарилаётган тараққиёт йўлимиз, хусусан, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари, деб эълон қилинган жорий йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар ва уларнинг натижалари Конституциямизда белгилаб берилган ҳуқуқий кафолатлар самарасидир, деб ишонч билан айта оламиз.

Конституциямизнинг ХVII боби Қорақалпоғистон Республикаси, деб аталади. Бу бобдаги 70-75-моддаларда Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, тинчлиги ва осойишталиги, фаровонлигини белгилаб берувчи ҳуқуқий асослар мужассам. Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистоннинг нақадар равнақ топгани, барча соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар самараси Асосий қонунимизда белгилаб берилган ҳуқуқ ва эркинликлар ифодасидир.

Сўнгги бир йилда Қорақалпоғистон Республикасини Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида бу ерда қиймати 194,6 миллиард сўм ва 7,5 миллион доллар бўлган инвестициялар ўзлаштирилиб, 2 мингдан зиёд лойиҳалар амалга оширилди. Қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш соҳаларида илгари мисли кўрилмаган ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Шуни алоҳида фахр-ифтихор билан қайд этиш лозимки, Конституциямиз асосида давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, шу асосда амалга оширилаётган ишлар янги сифат босқичига кўтарилаётгани халқимизнинг эртанги кунга, янада бахтли ва фаровон ҳаётга ишончини юксалтирмоқда.

Юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва бағрикенглик муҳити, барча миллат ва элатларнинг аҳил-иноқ, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётгани бунинг ёрқин далилидир. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида рус, қозоқ, туркман, корейс, украин миллий маданий марказлари самарали фаолият юритмоқда. Ҳар бир миллатнинг ўз она тили, миллий урф-одат ва анъаналари тикланиши ва янада бойиб боришида Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқий кафолатлар муҳим аҳамият касб этаётир.

Инсонпарварлик тамойилларига асосланган Конституциямизнинг 25 йиллик байрами Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида нишонланаётгани инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларда яққол намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг инсон манфаатларини таъминлаш учун энг аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду-ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак, деган сўзлари одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, янада фаровон турмуш кечиришига хизмат қилмоқда. Янги қурилаётган замонавий уй-жойлар, кўркам кўча-ю хиёбонлар, обод қишлоқлар, серҳосил боғлар, катта-кичик саноат корхоналари, таълим, тиббиёт, маданият, санъат ва ёшлар камолотига эътибор – барчаси жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз нуфузи тобора ортиб бораётгани билан катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Жорий йил 10 октябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ҳамда мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлар­аро­ дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни тақдирлаш назарда тутилгани фуқароларимизнинг Конституциямизга ҳурмат ва ишончини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Гулистон Аннақиличева, 
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

ЎзА
2 612






Все о погоде - Pogoda.uz