ЎзА Ўзбек

14.05.2018 12:10 Чоп этиш версияси

Уруғчиликда самарали ҳамкорлик

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Марказий Осиё уруғлик компанияси" қўшма корхонасида толаси пишиқ ва узун, касалликларга чидамли, эртапишар ғўза навлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон – Америка қўшма корхонаси 1997 йили ташкил этилган. Корхона турли ғўза касалликларига чидамли, эртапишар, кам сув талаб қиладиган, толасининг сифати юқори нав уруғларини тайёрлаб беришга ихтисослашган. Айни пайтда корхона жамоаси минтақамиз иқлим шароитига мос ғўза навлари яратиш, уларга ишлов бериш технологияларини такомиллаштириш, табиий ресурсларни тежаш ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширишга хизмат қиладиган илғор усулларни ишлаб чиқишга устувор аҳамият қаратмоқда. 

Умумий майдони 11 гектар бўлган корхонадаги цехлар, пахта ва уруғлик чигит лабораториялари хориждан келтирилган махсус техника ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Корхонада 50 ишчининг доимий бандлиги таъминланган бўлса, 100 дан ортиқ киши мавсумий ишларга жалб этилади. Ишчи-хизматчиларнинг самарали меҳнат қилиши, дам олиши учун барча шароит яратилган. Фаоллар зали, 15 ўринли ётоқхона, 20 ўринли ошхона, кийниш, ювиниш, тиббиёт хоналари ходимлар хизматида. Ишчи-хизматчилар махсус кийим-бош, 2 маҳал иссиқ овқат, ишга қатнаш учун махсус транспорт билан таъминланган. 

Корхона жорий йилда Сайхунобод, Гулистон, Сирдарё туманларидаги 596 фермер хўжалиги билан шартнома имзолаган. Белгиланган режага асосан, бу йил 33 минг тонна қимматбаҳо хомашё қабул қилиб олади. Жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида Сайхунобод туманидаги пахтачилик фермер хўжаликларига 500 тонна уруғлик чигит етказиб берилди. Корхона томонидан тайёрланган уруғлик чигитнинг асосий қисми “Султон”, “Порлоқ”, “С 6524”, “Ан Боёвут”, “Ўнқўрғон”, “Гулистон” навларидир. 

– Президентимизнинг жорий йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизим ривожида муҳим аҳамият касб этади, – дейди корхона директори ўринбосари Комилжон Обидов. – Корхонамизда барча жараён Америка технологиясига асосланган бўлиб, иш содда, тез ва кафолатли амалга оширилади. Пахтани тозалашга сарфланаётган энергия ҳам анча тежамкорлиги билан пахта тозалаш заводларидан тубдан фарқ қилади. Биз билан шартнома имзолаган фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кўмак кўрсатиш асосий иш мезонимиздир. 

2017 йилдан бошлаб корхона фермер хўжаликларига консультатив хизмат ва маслаҳат бериш бўйича ҳам иш олиб бормоқда. Бу борада “Боёвут агротех консалт” маслаҳат маркази билан шартнома тузиб, фермерларга жойида маслаҳат кўрсатилаётир. 

Корхона юқори навли уруғ, сифатли тола етиштириш, мамлакатимиз иқтисодига муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда. 

А.ҚАЮМОВ, 

ЎзА мухбири 

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири
8 674