ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Қуролни олиб юриш ва сақлаш қоидаларини 102 нафар фуқаро бузган

Қуролни олиб юриш ва сақлаш қоидаларини 102 нафар фуқаро бузган

Фарғона вилояти ҳудудида ҳам «Қурол» махсус профилактик тадбири ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқаролар томонидан шахсий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлаш ҳамда фойдаланиш тартибларига риоя этилишини текширишдир.

Шунингдек, қурол ва унинг ўқ-дориларнинг ишончли сақланишига тўсқинлик қилувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, жиноят ва бахтсиз ҳодисаларнинг юзага келишига замин яратувчи омилларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган мақсадли тадбирларни ташкил этиш, аниқланган камчиликлар бўйича ўз вақтида амалий чоралар кўришдан иборатдир.

Тадбирга 2476 нафар ички ишлар органлари ходимлари ва 356 нафар овчилик жамияти ишчи-хизматчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари жалб қилинган. Ҳозирга қадар вилоят бўйича 4810 нафар ов қуролига эга шахслар томонидан қурол ва ўқ-дориларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилаётганлиги бўйича текширувлар ўтказилди.Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, ушбу қоидалар бўйича яна бир маротаба тушунтириш ишлари олиб борилди.

Текширувлар давомида қуролни сақлаш ва олиб юриш қоидаларини бузган 102 нафар фуқароларнинг 80 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 221-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Вилоятда ўтказилаётган тадбир давомида фуқаролар ўртасида ўзларида сақлаётган ноқонуний ўқотар қуролларини ихтиёрий равишда ИИБга топшириш тўғрисида олиб борилган профилактик-тушунтириш ишлари натижасида 7 нафар фуқаро томонидан ов қуроллари ихтиёрий равишда топширилган.

2 823
М.Сулаймонов, ЎзА