Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.06.2018 10:39 Чоп этиш версияси

Қуролланиш бўйича ким биринчи?

Қуролланиш бўйича ким биринчи?
18 июнь куни Женевадаги Small Arms Survey тадқиқот маркази томонидан ҳисобот эълон қилинди.

Унда таъкидланишича, Германияда 15,8 миллион дона қурол хусусий қўлларда бор экан. Ўқ отар қуроллар бўйича жаҳон етакчиси сифатида АҚШ фуқаролари кўрилади – “океан орти” мамлакати фуқаролари қўлида 393,3 миллион дона қурол бор. Ундан кейин Ҳиндистон, Хитой, Покистон ва Россия туради.

АҚШда ҳар 100 кишига 120 дона қурол тўғри келади, Яманда бу рақам 53 тани, Черногория ва Сербияда 39 тани, Канадада 35 тани, Германияда 20 тани, Россияда 12 тани ташкил қилади.

Small Arms Survey маълумотларига қараганда, жаҳондаги кичик калибрли қуролларнинг 85 фоизи хусусий қўлларда бўлиб, 857 миллион донани ташкил қилади. Шу билан бирга, ҳарбийлар, полиция ва хавфсизлик хизматлари ходимлари қўлида атиги 156 миллион дона шу турдаги қурол бор.

Женева маркази маълумотига кўра, сўнгги 10 йилда хусусий қўллардаги ўқ отар қуроллар сони 207 миллион донага кўпайди. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, бу борада америкаликлар олдинда бормоқда, шу давр мобайнида улар 122 миллион дона қурол сотиб олишган.

Жаҳонда 2008 йилда бошланган глобал молиявий-иқтисодий инқироз барча соҳаларни қамраб олди. Аммо бу инқироз қурол-яроғ савдосига салбий таъсир кўрсатмади, балки бу соҳанинг гуллаб-яшнашига олиб келди. Одамларни снаряд ва автоматлар эмас, бу борада қарор қабул қиладиган инсонлар ўлдириши айтилар экан, қурол-яроғ савдосида одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этилмаслиги тан олинади. Қурол-яроғ бозорида қалбаки маҳсулотларни деярли учратмайсиз. Бу бозорда “ишончли ва сифатли” маҳсулотлар сотилиши ҳеч кимга сир эмас. Бу масалада бирор бир муаммонинг юзага келмайди. Сотувчи ҳам, харидор ҳам ишончли бўлиши керак. Маҳсулот нархи, унинг қачон ва қаерга қанча миқдорда етказиб берилиши ипидан игнасигача ҳал қилинган бўлади. Бу бозорда фақат кучлилар ва шафқатсизларгина жон сақлаб қолиши мумкин. Мана шу сифатларга эга бўлмаган одамлар савдонинг бошқа тури билан шуғуллангани маъқул, дейишади таҳлилчилар.

“Ўлим савдоси” билан шуғулланувчилар сифатида “демократия ва инсон ҳуқуқлари”дан ваъз қилувчи Ғарб мамлакатлари тан олинади. Қурол савдоси бўйича жаҳон бозори глобаллашув жараёнлари, талабнинг кўпайиб бориши билан гуллаб-яшнамоқда. Бу бозорда рақобат ҳам кучайиб бораётгани тан олинади. Бир томондан қурол ишлаб чиқарувчи давлатларнинг қуролланиш дастурларига ажратилаётган маблағларнинг қисқариши, иккинчи томондан эса замонавий қуроллар нархининг ошиши оқибатида экспортга алоҳида эътибор қаратилаётгани кўзга ташланмоқда. Қурол бозорида Хитой, ЖАР, Ҳиндистон каби янги иштирокчилар пайдо бўлаётгани айтилади. Келажакда Покистон, Жанубий Корея ва Бразилиянинг бу бозордан муносиб ўрин эгаллаши кутилмоқда. 

IHS Jane’s агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, 2008–2012 йилларда жаҳонда қурол-яроғ савдоси 30 % га кўпайган. Таҳлилчилар 2020 йилга бориб қурол савдоси 2012 йилги рақамдан икки баробар кўпайишини башорат қилишмоқда. “Бу каби ҳодиса шу кунга қадар жаҳон тарихида кузатилмаган эди”, дейди IHS Jane’s лойиҳа раҳбари Пол Бертон. Шарҳловчилар дунёда қуролланишга ажратилаётган маблағлар кўпайиб бораётганини таъкидлашмоқда. Қуролланиш пойгаси авжига чиқаётган Осиё-Тинч океани минтақасида қуролланишга ажратиладиган маблағларнинг 35% га ортиши айтилмоқда. 

Оддий Қуроллар Устидан Назорат Жанубий Африка Миллий қўмитаси 2013 йилда экспорт ва импорт бўйича берилган лицензияларга бағишланган Ҳисобот эълон қилган эди. Унга кўра, Жанубий Африка Республикаси 70 та мамлакатга оддий қуролларни экспорт қилгани маълум бўлди.

1997 май ойида Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиблари (Коста-Рика президенти Оскар Ариас, Далай Лама, Лех Валенса) қурол савдосига бағишланган халқаро ҳужжат қабул қилиниши борасида ташаббус билан чиқишди. Ўшанда улар назоратсиз қурол савдоси вайронкор аҳамият касб этиб бораётганидан ташвишга тушаётганликларини билдиришган эди. XX аср сўнггида бу ғоя етарлича қўллаб-қувватланмади. Шундан сўнг, 2005 йилда бу ташаббус яна кун тартибига қўйилди. 2009 йил 30 октябрда БМТ Бош Ассамблеясининг Биринчи қўмитаси халқаро Шартнома борасида ўзининг ижобий фикрини билдирди.

2013 йил 2 апрель куни қабул қилинган Қурол-яроғ Савдоси бўйича Халқаро Шартнома (ингл. Arms Trade Treaty, ATT) — халқаро майдонда қурол-яроғ - яъни оддий автоматдан то танк ва самолётлар савдосини мувофиқлаштириб турувчи битимдир. Бу ҳужжат ноқонуний қуроллар савдосига чек қўйиш лозимлигини таъкидлайди. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган мазкур ҳужжат оддий қуроллар экспорти учун янги стандартларни ўрнатади. Овоз бериш жараёнида 154 давлат вакили бу ҳужжатни қўллаб-қувватлаган бўлса, уч давлат (Эрон, Шимолий Корея ва Сурия) қарши чиқди. 23 та давлат бетараф қолди. “Қурол-яроғ-назоратда!” халқаро ташкилоти БМТ томонидан қабул қилинган Қурол-яроғ Савдоси бўйича Халқаро Шартномани қўллаб-қувватлади ва тарихий ҳужжат сифатида баҳоламоқда. 

Стокгольмдаги тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш институти томонидан чиқарилган “2013 йилда халқаро қурол-яроғ савдосининг асосий тренди” деб номланган йиллик ҳисоботда 2012 йили қурол-яроғ савдосидан топилган даромад 2004-2008 йилги кўрсаткичдан 14 фоиз кўп бўлгани таъкидланади. Бу борада АҚШ, Россия, Германия, Хитой ва Франция асосий экспортчи мамлакатлар сифатида тан олинган. Импорт қилувчи давлатлар сифатида Ҳиндистон, Хитой, Покистон, БАА ва Саудия Арабистони кўрилади. 90 та мамлакатга қурол сотаётган АҚШ экспорт бўйича биринчиликни сақлаб турибди. АҚШ сотаётган қуролларнинг 47 фоизи Осиё ва Океания мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. 

Африка мамлакатлари қурол-яроғ импортни 53 фоизга кўпайтиришган. Саҳройи Кабирнинг жанубидаги мамлакатлар ҳиссасига минтақага сотилган қуролларнинг 41 фоизи тўғри келади. Ҳарбий-сиёсий вазият туфайли ҳозирги кунда минтақада денгиздаги хавфсизликни таъминлашга мўлжалланган қурол ва техникаларга талаб ортиб бормоқда. Уганда 2009–2013 йилларда 2004–2008-йилларга нисбатан қурол сотиб олишни 1200 фоизга кўпайтирди. Қурол яроғ бозорида Венесуэла ўз фаоллигини намоён этмоқда. Қурол харид қилиш масаласида бу давлат Лотин Америкасида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Қўшни мамлакатлар билан яхши муносабатларга эга Бразилиянинг ҳарбий импорти 65 фоиз ошгани айтилади. 

Колумбия ноқонуний қуролли гуруҳларга қарши олиб бораётган курашни баҳона қилиб қурол импортига катта эътибор қаратиб келади. Европа мамлакатлари қурол яроғ харидини 25 фоизга камайтирди. Ўрта Шарқ мамлакатларида ҳам қурол -яроғ савдосига катта аҳамият берилмоқда. 2021 йилга бориб Осиё – Тинч океан минтақаси давлатларининг ҳарбий харажатлари 501 миллиард долларга етиб, АҚШ ва Канадани ортда қолдиради. 

АҚШда Интернетнинг ижтимоий тармоқларида қурол-яроғ савдоси авжига чиқаётганидан хавотир олинмоқда. The New York Daily News нашрининг ёзишича, ижтимоий тармоқлар яширин қурол дўконларига айланиб бормоқда. Огайо штатида муаллимларни ўқ отиш ва ўқ отар қуроллардан фойдаланишга ўргатишга қаратилган “Ўқитувчиларни қуроллантириш” дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, бу каби тадбирлар мактабларда оммавий қотилликларни камайтирар экан. Жанубий Дакота штатида ўқитувчи ва мактабнинг бошқа ходимлари жанговор тайёргарликдан ўтишлари керак бўлади. 

Кузатувчиларнинг фикрича, бир йилда 70 миллиард долларга тенг қурол-яроғ сотилар экан. Ноқонуний қурол-яроғ савдоси туфайли ҳар йили 750 мингга яқин тинч аҳоли вакили қурбон бўлади. Назорат қилинмайдиган ёки ноқонуний қурол-яроғ савдоси қуролли можароларга, коррупция сабаб бўлади ҳамда камбағал давлатларнинг тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Қурол-яроғ бозори жаҳондаги стратегик вазиятига ўзининг таъсирини ўтказмай қўймайди. Экспорт қилувчи давлатлар фойда олишдан ташқари, геосиёсий мувозанатга ва ҳарбий-сиёсий вазиятга таъсир кўрсатади.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
4 894