ЎзА Ўзбек

26.11.2018 13:45:32 Чоп этиш версияси

Қурол ва ўқлар олиб қўйилди


Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари Шеробод туманида спорт қуроли ва унинг ўн тўрт дона ўқини ушлаб қолди.

Холислар иштирокида фуқаро Ш.Я га тегишли “Волга” русумли автомашина кўздан кечирилганда енгил машинанинг орқа юк хонасидаги метан газ баллони ортига яширилган бир дона “Байкал” спорт қуроли ва ўн тўрт дона ўқ борлиги аниқланди. Қурол ва ўқлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, вақтинча сақловга олинди.

– Вилоят ҳудудида ўқ-отар қурол ва ўқ-дориларнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши зарур чоралар кўрилмоқда, – дейди вилоят божхона бошқармаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар гуруҳи инспектори Шоҳрўз Ўралов. – Чунки, мамлакатимизда ўқ отар ов, спорт қуроллари ҳамда ўқ-дорилари сотиб олиниши, олиб юрилиши ва фойдаланилиши, шунингдек, юртимиз ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш ички ишлар органи рухсатномаси асосида амалга оширилиши қатьий белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ҳам тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.