Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 15:31 Чоп этиш версияси

Ҳурмат-эҳтиром куч-қувват бағишламоқда

Ҳурмат-эҳтиром куч-қувват бағишламоқда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 73 минг 600 дан зиёд бухоролик юртдошларимизнинг 34 мингдан ортиғи қайтмаган. Бугунги кунда вилоятда 87 нафар уруш фахрийси ҳаёт кечирмоқда.

Шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан улар хонадонида бўлиб, байрам билан табрикламоқда, Президентимиз номидан совға-саломлар топширмоқда.

Бухоро шаҳрида яшовчи 92 ёшли Ҳабиб бобо Валиев хонадони одатдагидан гавжум. Отахонни қутлагани вилоят ҳокими Ў.Барноев ва бошқалар келди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони, "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ отахонга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий енгил автомашинани бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва унга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификат ҳамда икки миллион сўм миқдорида пул мукофоти топширилди.

– Биз, кексалар давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигини доимо ҳис қилиб турамиз, – дейди Ҳабиб ота. – Бундай ҳурмат ва эҳтиромдан бошимиз осмонга етади. Яратганга шукр, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Биз урушда кўрган даҳшатларни ҳеч ким кўрмасин. Мен уч марта яраландим. Ҳар гал ҳарбий госпиталда даволаниб, яна жангга кирдим. Уруш тугагач, Бухорога қайтиб, нафақага чиққунимга қадар пойабзал фабрикасида ишладим. Мен жуда бахтли инсонман. Невара-чеваралар камолини кўрмоқдаман. Фарзандлар ардоғида, давлатимиз эъзозида эканим учун беҳисоб шукр. Бу жуда катта бойлик. Ўзбекистонимизни ёмон кўзлардан Яратганнинг ўзи асрасин!

Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Аҳмад Муҳсинов 93 ёшга кирган бўлса-да, ҳали бардам, тетик. 1944 йилда урушга сафарбар этилганида 18 ёшда бўлган. Кўксини тўлдириб турган ордену медаллар жанггоҳлардаги жасоратидан дарак беради.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари отахонга имтиёзли сертификат ҳамда совға-салом топширди.

– Ҳеч нарсадан кам-кўстим йўқ, ҳамма нарса етарли, – дейди Аҳмад бобо. – Ўғил-қизларим, невараларим меҳрибон. Маҳалла-кўй, ҳокимлик вакиллари, собиқ ҳамкасблар ҳол-аҳвол сўраб турибди. Дўхтирлар саломатлигимдан хабардор. Давлатимиз эътиборидаман. Бир кексага бундан ортиқ нима керак? Бардамлигим шундан. Етказганига шукр. 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари қаторида мени ҳам Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирига таклиф этишди. Буларнинг ҳаммаси учун Президентимиздан, ҳукуматимиздан миннатдорман.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Фармон Аминовнинг айтишича, вилоятдаги барча уруш фахрийларига Президентимиз фармони ва қарорига мувофиқ, юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда, совғалар топширилмоқда. Жамғарма ҳисобидан 30 нафар уруш иштирокчисининг уйи таъмирлаб берилаётир. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан эҳтиёжмандлар ногиронлик аравачаси ва эшитиш мосламалари билан таъминланмоқда.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
1 999






Все о погоде - Pogoda.uz